“Бу ерлар сокиндир ҳаддан ташқари” (Азизбек Юсупов)
ҚАБРИСТОНДА*
Капалакнинг қанот қоқишини эшитдим,
Ниначининг юрак уришини,
чумолиларнинг қадам товушларини илғадим...
Аммо бу одамистон — гумбазшаҳарда
Не-не валламaтлар,
Лаганбардорлар,
Хорлару ҳурлар маконида
Бир нафас олар мард топилмади!
*
Бунча жимсиз,
Бандиликнинг одамлари,
Шамол бошин эгиб ўтар,
Бунча жимсиз...
Илонларнинг силлиқ-силлиқ баданлари
Товонимга тегиб ўтар —
бунча жимсиз?
Уйғоқларнинг ўтовига жанг солдилар,
Ўзин оқлар кундан кунга қаро шубҳам.
Бу қандай жанг: гўдакларга чанг солдилар,
Отасиз-ку ахир сиз ҳам —
бунча жимсиз?!
Боши қолиб,
Лошин олиб кетган бадар —
Тинчингизни бузмас наҳот тинчи йўқ сас.
Гўрингизни безаб турган калималар
Сизникидир!
Бизникимас,
Бизникимас!
Бунча жимсиз —
Шундоқ арзон,
шундоқ бачки
алқовларни куйлашимиз...
айтинг, шартми?
Дордан қочган бошимизга қачонгача
мукофот деб кийдирарлар мусибатни?
Мен тиловат оҳангида бўзлаб келдим,
Ҳали замон йўллар оғир ўйга бошлар.
Ҳолингизни билар эдим!
Яна билдим,
Юпун-очлар(!)
Яланғочлар,
Қабртошлар,
Бунча жимсиз,
Бунча жимсиз,
Бунча жимсиз?
__
2023, апрель
Рашид ХЎЖАМОВ