СССР даврида ўзбек халқига аёвсиз ҳужумлар бўлган. Миллийлигимизга кучли зарбалар берилган. Жумладан, энг азиз инсоний бойлигимиз, қадриятимиз бўлмиш исмларимизга. Ўристилли ёхуд советқул ФҲДЁ ходимлари саводсиз бўлмаган, балки номимизни атайлаб бузиб ёзишган. Бу қўйларга (эҳтимол, молларга) бўлаверади, дейишган. Афсуски, уларнинг та'сирига тушиб қолган, ғурури ўлдирилган ва поймол этилган миллатдошларимиз зеҳниятидан бу иллатни қувиб чиқариш қийин кечаётир. Орамизда исмини тўғри ёзолмай юрганларнинг, бегона бир тилни она тилимиздан устун санайдиган қултабиат миллатдошларимизнинг ҳалиям кўп экани шундан. Аммо ишончим комил, иншооллоҳ, улкан халқ, қадимий ва катта миллат сифатида биз албатта ўзлигимизга қайтамиз.
Чор Россиясининг Туркистондаги хунрезликлари ҳақида баъзи маълумотлар
Рад этиб бўлмайдиган далил ва ҳужжатлар генерал Скобелевнинг туркман қардошларимизнинг жаллоди бўлганини яна бир марта исботлайди. Генерал Скобелевнинг яқин хешларидан бўлган Адам Жулйет Ламбер “Генерал Скобелев” китобида қуйидагича ҳикоя қилади: «Жаноб Марвин билан суҳбат чоғида генерал Скобелев Ўрта Осиёни бўйсундириш ҳақида ўз қарашларини очиқдан-очиқ қуйидагича ифодалади: “Гап шундай, жаноб Марвин, фақат буларни газетангизда босиб чиқара кўрманг. Жаҳон жамоатчилиги назарида ғирт ёввойига айланиб қолишниистамайман. Менинг ақидам шундай: Осиёда осойишталик ўрнатиш масаласи тўғридан-тўғри ОДАМЛАРНИНГ ҚАНЧА КЎП ҚИРИЛИШИГА БОҒЛИҚ. Зарба қанчалик кучли бўлса, душман шунчалик тез бўйсунади. БИЗ КЎКТЕПАДА ЙИГИРМА МИНГ ТУРКМАННИ ЎЛДИРДИК. ТИРИК ҚОЛГАНЛАР БУ САБОҚНИ БИР УМР УНУТМАЙДИГАН БЎЛАДИ...”. Марвин сўзида давом этиб мана буларни ёзади: “Бу хусусда шуни айтишим лозимки, Скобелев мен билан суҳбат чоғида “КЎПЛАБ АЁЛЛАР ЎЛДИРИЛДИ. АСКАРЛАР ДУЧ КЕЛГАН ОДАМНИ ҚИЛИЧ БИЛАН ЧОПИБТАШЛАЙВЕРИШДИ”, деб тан олган эди. Бошқа дивизиядагилар ҳеч кимга шафқат қилишмади: аскарлар худди машинадек ишлаб, ХАЛҚНИ ҚИЛИЧ БИЛАН РОСА БУРДАЛАШДИ”. А.Н.Куропаткин ёзади: “Қалъа ичига назар ташлаш даҳшатли эди. Беҳисоб ўликлар бир неча кундан бери уйилиб ётарди. Баъзи кулбалар мурдаларга тўлиб кетганди”. Н.И.Гродеков қўшимча қилади: “Душман қамал пайтида милтиқ ва замбарак ўқларидан қай даражада даҳшатли талафот кўрганини қалъани эгаллаганимиздан кейин билдик. ҚАЛЪА ИЧИДАГИ БАЪЗИ УЙЛАРДА ҲАТТО ЎН БЕШТАГАЧА ЎЛИК ЁТАР ЭДИ...” Жанг арафасида Скобелов: “Тўкилган ҳар томчи рус қони учун душман қонини дарёдек оқизаман”, деб мақтанган эди. У Кўктепада жон бераётган мулланинг “Саккиз минг бегуноҳ одамни ўлдирганинг учун виждон азобида қолмайсанми?” деган саволига юзсизлик билан, “Йўқ, саксон минг бўлмаганига ачинаман!” деб жавоб берган эди.
Ба'зи шоир ва ёзувчиларни исте'доди, маҳорати (ижодий техникаси), билимига тан бериб ўқийсан, яна ба'зиларни ҲИС ЭТИБ. Мен бу ўринда "ҲИС ЭТИБ" иборасини грамматик қоидаларга зид ўлароқ, катта ҳарфлар билан ёзишни хоҳлайман. Ҳа, мана шуниси одамга кўпроқ нарса беради.
*** Бизда қалб тарбиясига деярли э'тибор берилмайди. Ота-оналар болам ўқимишли бўлсин, катта одам бўлсин, бой бўлсин дейди. Бунинг учун пул, мол-дунёни аямайди. Аммо камдан-кам кишилар "ўғлим ё қизим раҳмдил инсон бўлсин", "ўзгалар қалбини англаш сан'атини эгалласин", деб ният қилади. Қалб тарбияси — буюк иш. Бадиий адабиётсиз бу ишни уддалаб бўлмайди. Қалби тарбияланмаган инсондан яхшилик кутилмайди. Ундан халқни эзадиган монополист, ўзидан ўзгалар манфаатига тупуриб қўйган коррупционер ва ҳаромхўр, ўз қўл остидаги техник воситалар орқали халқ ва миллатга душманликни комил даражада адо этадиган Ватан хоинлари чиқиши мумкин, холос.
Устоз Хайриддин Султоннинг бир ҳикояси қаҳрамони "Ўзбек халқининг миллий ғояси — тўй экан" дейди киноя билан. Ва бу фикрини асослаб, ўзбек тўй, тўй ва яна тўй деб яшаши, бутун умрини шунга бағишлашини айтади. Аччиқ ҳақиқат. Мен бу қаҳрамоннинг гапига қўшимча қилиб, ўзбек халқининг яна бир ғояси бор, бу — уйдир, дейман. Уйга, ҳовли-жойга бизчалик сиғинадиган яна кимдир борми дунёда? Ба'зи уй-жойларни кўриб, ўҳ-ҳу, шу ерлардаям одам яшармикан, дейсиз. Айримлар йиллаб уй қуради, миллионлаб пул сарфлаб безайди, емай-ичмай, ўзининг, болаларининг ризқини қийиб қилади шу ишни. Кошки унда 150 йил яшаса. 50 йил ҳам яшолмайди. Беш йил ҳам яшаб улгурмаганларни кўп эшитганман. Бу омонат ҳаётда ортиқча пул, вақт, куч-қувват сарфлаб қаср қуришнинг нима кераги бор экан? Менимча, бунда қулай, мазза қилиб яшашдан кўра, мақтаниш, ўзини кўрсатиб қўйиш истаги кучли бўлса керак. Қулайлик истаган одам, ихчам, иссиққина уй солади. Катталиги стадиондай, аммо қиш-қировли кунларда ичи музлаб ётадиган чиройли кошонадан нима наф? Ёки кўрган одам "Э, Фалончининг уйи баланд, ҳовлиси кенг экан, қойил!" дейиши носнинг кайфидек одамга кайф бермаса, бошқа ҳеч қандай фойдаси йўқ. Одам 180 ёки 220 йил умр кўрмайди. Ёки қураётган уйим бола-чақам учун дейдиган бўлсангиз, дўстлигимни айтаман, уларни ўйлаб каллангизни ачитиб ўтирманг. Келгуси авлод сиз миллионлаб пул сарфлаб қурган уйда яшамайди. Уларнинг ҳаётга, унинг не'матлари, жумладан, тураржой-уйларга нисбатан ўз қараши ва қаричи бўлади. Сизнинг шахсий дидингиз, орзу-ҳавасингиз ўзингиз учун қадрли, қурган уйингиз ўзингизнинг кўзингизга ой бўлиб кўринади, холос. Дейлик, сиз ўзингиз, бобонгиз қурган уйда ўтирмаяпсиз-ку, тўғрими? Яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳеч бўлмаса, уни реконструксия қилиш — қайта қуриш орзунгиз борлигига негадир ишонгим келади. Ақллилик қилаётган бўлсам, узр сўрайман, шунчаки, биз орзу-ҳавас деганда, бирор юз йиллардан бери уй билан тўйдан нари ўтолмай ҳалаклигимиздан куйиб кетаман.
Тилимизда фаол ишлатиладиган “кузатиш”, “кузатув” ҳамда “кўз”,“кўрмоқ” сўзларининг ўзаги бир бўлиб, уларнинг бари қадимги туркий тилдаги “қара, назоратқил” маъноларини англатган “кў” феълидан келиб чиққан.
Мисол:
Ўл отиғ кўзаткан-ўл. – У доим отига қараб юради. От кўзатгучи – отни кузатувчи, отга қаровчи, отбоқар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши масрур қилса (севинтирса), қариндошларига силаи раҳм(яхшилик) қилсин", дедилар.
Манба: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Ҳадис ва ҳаёт" китоби, 34-жуз.
Маҳмуд Қошғарийнинг "Турк сўзлари девони" асарида "қарт" сўзининг икки хил маъноси бор дейилган. 1.Яра. 2.Хулқи бузуқ, нияти бузуқ, расво одам. Бизнинг замонамизда ҳам ана шундай қарт одамлар бор. Улар турли-туман ғоялари, ишлари, қилғилиқ ва қилмишлари билан эл-юртга зарар келтиради. Лекин буни ўзларича ватанпарварлик, халқпарварлик ниқоби остида амалга оширишади. Масалан, биз таълимга фалон-писмадон давлатлар технологиясини олиб келяпмиз, дейишади. Аммо чиқарган дарсликларини болангиз тугул душманингизга ҳам раво кўрмайсиз. Мактаб дарсликларини расво қилганлар энди халқни давлатга қарши қайрашни бошлаганга ўхшайди. Буни ниҳоятда маҳорат билан, тизимли ва режали тарзда қилишмоқда. Аввал мамлакат ва миллат, халқ келажагига болта урилади (дарсликлар мисолида), ҳукуматни, давлат органларини обрўсизлантириш учун оддий фуқаролардан қурол сифатида фойдаланиб, фитна чиқарилади. Айёрликда шайтонга дарс берадиган бу кимсалар ўзига тегишли ОАВ, сотқин блогерлар имкониятидан максимал даражада фойдаланиб, жамиятни икки-учга бўлиб ташлайди. Ўзларининг кир ниятлари, мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Улар учун фақат битта эътиқод бор: шахсий манфаат. Битта амбиция бор: жамиятни парчалаш ва келажакда унинг устидан ҳукмронлик қилиш. Бу йўлда пул, мол-дунёни аямайдилар. Эски технология. Аммо халқ огоҳ бўлмаса, давлат ўз вақтида кескин чоралар кўрмаса, бунақалар мамлакат бошига кўп кулфат келтиради.
Катта қизим узатилгандан сўнг биринчи марта усиз Самарқандга кетдик. Худди бир тарафим йўқдай. Йўлда эканмиз, иккинчи қизим кеча опаси билан гаплашганини, қайтишда сизга нима олиб келайлик, дадам сўраяптилар, деса, бир сиқим тупроқ опкесинлар, деганини айтиб қолди. Нима қиларкан, десам, ҳидлайман, депти. Бу гапни эшитиб, қўлим рулдан чиқиб кетишига сал қолди. Она қизим! Ургутнинг майизи, ёнғоғи, чаккисини, сариёғини, чапчак нонини яхши кўришингни биламан. Сен шу каби нарсаларни эмас, боболаринг ётган, қариндош-уруғлар азиз билиб кўзига суртган тупроғини сўрабсан. Раҳмат! Қизим бешта тилни мукаммал билади, деб мақтанишларим сенинг бу одамийлигинг, юртсеварлигинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Ота она юзини ёруғ, қаддини баланд қиладиган ўғил эмас, қиз фарзанд бўлади, дейдилар Ҳазрати Ғаззолий. Сен шу ориф зотнинг гапини, айни пайтда китобхон, қур'онхон эканлигингни исботладинг. Ватанни севиш шундай бўлади. Қиз фарзанд — меҳмон, уни икки карра яхши кўринг, оқибати эса минг карра бўлиб қайтади.
Ҳар нарса деб лақиллайвермайдиган, чертиб-чертиб, ўз ўрнида сўзлайдиганларни камгап деймиз. Бу сифатда ижобийлик кучли. Бу камгаплик – фазилат. Лекин қусурга айланган камгаплик ҳам бор. Адабий тилимизда нима дейилишини билмадим-у, ҳаддан ташқари камгап, ҳатто керакли пайтда ҳам гапирмайдиганларни бизнинг шевамизда ингир дейишади (нг билан талаффуз қилинг). Мен шу сўзни бирор ёзма манбада учратиб қолармикинман, деб кўп изладим. ЎТИЛимизда берилмаган, Этимологик луғатда кўрмадим, Навоий асарлари луғатида ҳам йўқ... Буни қарангки, ”Туркий сўзлар девони”да “iŋir” (ингир) сўзига дуч келдим, фақат у бошқа маънода қўлланибди. Ота-боболаримиз ёруғлик билан қоронғиликнинг бир-бирига аралашиш, қўшилиш ҳодисасини “ингир” дейишган экан. Лекин бу "ингир"нинг мен назарда тутган "ингир"га ҳеч алоқаси йўқ, шекилли...