View in Telegram
Куйгили гаплар УЙ БИЛАН ТЎЙ Устоз Хайриддин Султоннинг бир ҳикояси қаҳрамони "Ўзбек халқининг миллий ғояси — тўй экан" дейди киноя билан. Ва бу фикрини асослаб, ўзбек тўй, тўй ва яна тўй деб яшаши, бутун умрини шунга бағишлашини айтади. Аччиқ ҳақиқат. Мен бу қаҳрамоннинг гапига қўшимча қилиб, ўзбек халқининг яна бир ғояси бор, бу — уйдир, дейман. Уйга, ҳовли-жойга бизчалик сиғинадиган яна кимдир борми дунёда? Ба'зи уй-жойларни кўриб, ўҳ-ҳу, шу ерлардаям одам яшармикан, дейсиз. Айримлар йиллаб уй қуради, миллионлаб пул сарфлаб безайди, емай-ичмай, ўзининг, болаларининг ризқини қийиб қилади шу ишни. Кошки унда 150 йил яшаса. 50 йил ҳам яшолмайди. Беш йил ҳам яшаб улгурмаганларни кўп эшитганман. Бу омонат ҳаётда ортиқча пул, вақт, куч-қувват сарфлаб қаср қуришнинг нима кераги бор экан? Менимча, бунда қулай, мазза қилиб яшашдан кўра, мақтаниш, ўзини кўрсатиб қўйиш истаги кучли бўлса керак. Қулайлик истаган одам, ихчам, иссиққина уй солади. Катталиги стадиондай, аммо қиш-қировли кунларда ичи музлаб ётадиган чиройли кошонадан нима наф? Ёки кўрган одам "Э, Фалончининг уйи баланд, ҳовлиси кенг экан, қойил!" дейиши носнинг кайфидек одамга кайф бермаса, бошқа ҳеч қандай фойдаси йўқ. Одам 180 ёки 220 йил умр кўрмайди. Ёки қураётган уйим бола-чақам учун дейдиган бўлсангиз, дўстлигимни айтаман, уларни ўйлаб каллангизни ачитиб ўтирманг. Келгуси авлод сиз миллионлаб пул сарфлаб қурган уйда яшамайди. Уларнинг ҳаётга, унинг не'матлари, жумладан, тураржой-уйларга нисбатан ўз қараши ва қаричи бўлади. Сизнинг шахсий дидингиз, орзу-ҳавасингиз ўзингиз учун қадрли, қурган уйингиз ўзингизнинг кўзингизга ой бўлиб кўринади, холос. Дейлик, сиз ўзингиз, бобонгиз қурган уйда ўтирмаяпсиз-ку, тўғрими? Яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳеч бўлмаса, уни реконструксия қилиш — қайта қуриш орзунгиз борлигига негадир ишонгим келади. Ақллилик қилаётган бўлсам, узр сўрайман, шунчаки, биз орзу-ҳавас деганда, бирор юз йиллардан бери уй билан тўйдан нари ўтолмай ҳалаклигимиздан куйиб кетаман.
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily