View in Telegram
Дам олиш кун мутолааси Анвар ОБИДЖОН САЛОМНОМАЛАР   Қўрқоқларнинг қўрқоғи ғилай Қуёнга салом, Йўқдир яқин ўртоғи, шўрлик Чаёнга салом.   Шохдан шохга югурган, думида уй супурган, Ёнғоқ чақиб тупурган шўх Олмахонга салом.   Арғамчидек буралар, янтоқларга ўралар, Қўнғиз ўтса мўралар, бўғма Илонга салом.   Ҳўкизларни йиқитган, Қашқирларни қўрқитган, Бор жонзотни ҳуркитган шоҳ Арслонга салом.   Буғуларнинг қондоши, очликка зўр бардоши, Камроқ бўлса ҳам оши, эркин Қулонга салом.   Хумбош ҳамда хирқироқ, озиқ тиши ошпичоқ, Очкўзлиги сал чатоқ, хасис Қобонга салом.   Нафси ўлжа тилаган, қўлин қонга булаган, Аста мўйлов силаган писмиқ Сиртлонга салом.   Мешкай қорни қовоқдир, бурни таппак товоқдир, Икки лунжи лавоқдир, гўл Каркидонга салом.   Гулдор тўни келишган, қуртларни еб тўлишган, Чирик дарахтни тешган Қизилиштонга салом.   Чидаб совуқ-ушукка, инсоф тилаб Мушукка, Нонни судрар тешикка, олғир Сичқонга салом.   Ўғриларнинг устаси, қушнинг хунук тусдаси, Кўриб қўйинг нусхасин, сур Зағизғонга салом.   Туну кун ер қазиган, захда ётиб озиган, Кўп тиришиб, оз еган гўсхўр Юмронга салом.   Игна-бигиз сотувчи, кузда лойга ботувчи, Илон пойлаб ётувчи Типратиконга салом.   Бебаҳодир пўстини, пойлар ҳатто дўстини, Сипо деманг сиз уни, айёр Қоплонга салом.   Ризқин мағрур излаган, юксакларни кўзлаган, Рақибини тузлаган ботир Тарлонга салом.   Булбул каби изиллар, тоғ-тошларда ғизиллар, Йиртқичлардан безиллар, дўстим Жайронга салом.   НОДОН ДЎСТ   Бир Хўтик бор эди нодон, улғайиб гўл Эшак бўлди, Мақтанчоғу ўзбилармон, ўта қайсар, сўтак бўлди.   Ёқимлидир ашулам деб, кўрар қаттиқ ҳанграшни эп, Ажриқ қолиб шўрани еб, ғажигани терак бўлди.   Қувонганда у, албатта, толиққунча отар шатта, Оғилхона тўзиб баттар, туёқдан ер кавак бўлди.   Келиб бир кун деди Тойчоқ: «Экансиз-ку жуда қувноқ, Қилмайсизми мени ўртоқ?» Эшакка дўст керак бўлди.   Той Эшакка бўлиб улфат, бошга тушди неча кулфат, Похол унга эди намат, энди тупроқ тўшак бўлди.   Булбул, сен ҳам нодон эдинг, дўст ёмони бўлмас дердинг, Той ҳолини ўзинг кўрдинг, энди фикринг бўлак бўлди. *** Сигаретинг сўнггиси бўлса, Икки тортим қолдир, оғайни. Қандай яхши Кўкда ой тўлса, Сайру суҳбат пайтидир айни. Шодон эсанг, яширма ҳаргиз, Кулишайлик, Суҳбатни безат. Ғаминг бўлса тортмагин ёлғиз, Икки тортим менга ҳам узат. *** Кўзларинг маст, Кокилинг шодон, Гап бошладинг дилкаш, меҳрибон. Ўзни бунча тутяпсан яқин... Эрга теккан бўлмагин тағин?!
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily