Устоз шоирлардан бири айтганди: “Шеър кўп ёзиляпти деб ўйламанг, зўр шоирнинг китобидан қурмағурдан ўзи ўн бештача бўлади!..”. Шундан бери қўлимга тушган тўпламни ҳижжалаб, шеър санайдиган ҳунар чиқарганман. Дарҳақиқат, айрим китоблардаги шеърлар ўн бештага борар, баъзиларида, бармоқларимдан уч-тўрттаси ортиб ҳам қоларди. Бўлган, мустасно пайтлар, фақат жуда кам...
Устоз, айбга буюрманг, совға қилганингиз мазкур китобдан эса, шеър излашга фурсатим бўлмади. Камина ўлжасига маҳтал сайёддайин ўч – туйғулар, фикрлар оқимига чўкиб кетдим ҳар сафар. Яъни, ҳар битта саҳифа узра узоқ тўхтадим, иккиландим, ниманидир, кимнидир эсладим, гоҳ шеър, гоҳ ўзим билан баҳсларга толдим... оқибатда, саноғимни йўқотдим.
...Китоб дизайнини яратган Баҳриддин Бозоровга ҳам “респект!”. (Иборани тўғри ёздимми? Кўрпангга қараб оёқ узатиб, ўзбекча ёзсанг-ку, олам гулистон...)
Қисқаси, етилган фикрлар ва чўлнинг бўрондан кейинги сакинатини эслатувчи вазмин-хокисор туйғулар ила тўйинмиш новатор шеърлардан иборат “Мен бир фуқаро!..” китоби билан сизни ҳам, “Академнашр”ни ҳам чин қалбдан табриклайман. Умид қиламанки, у менинг узоқ йиллик йўлдошим, ҳамсуҳбатимга айланади.
Байрам Али@SirojiddinRauf