МАЙМУННИНГ ҲИКОЯСИ
(ҳазил)
Чангалзорда бир замон,
Авжи тириклик фасли.
Бизларга эш, биродар
Бўлган одамзод насли.
Ён қўшни-ю жон қўшни -
Ғорларда яшаганмиз.
Неки топсак, қизғанмай
Ўртада ошаганмиз.
Шохдан-шохга сакрашиб,
Терганмиз банан, кокос.
Сўнг тақсимлаб олганмиз,
Жону жигарларга хос.
Шундай аҳил эдик биз -
Биргаликда қилиб ов.
Йўлолмаган биз томон
Ҳатто қонхўр, йиртқич ёв.
Беминнат пўстин дея,
Мўйимизни асрардик.
Ақлнинг балосидан
Ўйимизни асрардик.
Билмадим не хаёлда
Фикр қилди одамзод -
Қувиб илм ортидан
Бўлди бизга этти ёт!
Асли азал дўстликка
Шундан рахна ташланган.
Устара кашф этилгач,
Бегоналик бошланган.
✍️ Сирожиддин РАУФ
@SirojiddinRauf