ОҲ УРМАГИЛ, ОҲ УPMA...Оҳ урарман, оҳ урарман, оҳларим тутгай сени,
Кўз ёшим дарё бўлиб, балиқлари ютгай сени. (Қўшиқдан.)
Додинг етди Худога, оҳларинг тутди мени,
Дарё бўлиб кўз ёшинг, бир балиқ ютди мени.
Билмасмидинг, дарёда сув остининг шоҳи бор,
Сузиб юрган бор жонзот саройида хизматкор.
Қулда қулоқ йўқ дерлар, ул балиқ ҳам нетадир,
Олиб мени султоннинг ҳузурига элтадир.
Сарпоси-ю саройи зардан экан бариси,
Севиб қолмиш ўшал дам мени сувнинг париси.
Унга кулиб боқмадим, кечиб қўйдим заридан,
Ўргилойин сенингдек ақлим олган паридан.
Жаллоди бор ул шоҳнинг, тиллоси бор ул шоҳнинг,
Зиндони бор, дори бор, ҳиллоси бор ул шоҳнинг.
Пари эрур малика қиблагоҳи шоҳ бўлгач,
Мани зиндонбанд этар тоқатлари тоқ бўлгач.
Зиндон узра сув оти қанот қоқди бир куни,
Юрагимнинг қони-ла боқавердим мен уни.
Дулдулимга кўз тиккан бу дунёда кўп ғаним,
Кўксим ичра шул сабаб жуда мўлдир аламим.
Кучга тўлди ул отим, қанотига ёздим хат,
Интизорман йўлингга, учиб келгил, бер мадад.
Сувда ўсган тулпорим ташнамас ҳеч улоққа,
Сув келтир деб юбордим бағрингдаги булоққа.
Ҳолим забун, келақол, кишанимни ечиб қўй,
Аразингни ташлагил, гуноҳимдан кечиб қўй.
Кўзинг тушгач кўзимга, дулдулимни қучайлик,
Икки қанот устинда қўш булбулдай учайлик.
Учқур отим учадир, ғанимлар ўла қолсин,
Кўҳна дунё, кенг дунё бизники бўла қолсин.
Афтодаман дарёда, кирғоғим бўл, сен жоним,
Қирғоқ бўлсанг мабодо, дарё бўлгум мен жоним.
Оқиб ўтай қошингдан, офтобимсан, ойимсан,
Етолмасам лабингга, ўпиб ўлай пойингдан.
Оҳ урмагил, оҳ урма, оҳинг мени тутмасин,
Дарё бўлиб кўз ёшинг, ўша балиқ ютмасин.
Ҳолим забун, кел жоним, кишанимни еча қол,
Тавба қилган қулингнинг гуноҳидан кеча қол...
© Рустамжон УММАТОВTelegram |
Facebook |
Wikipedia