View in Telegram
​​ВАТАН ШАҲИДЛАРИ (Сюжетсиз баллада) Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ. Ғафур Ғулом. Бордир қадим бир сўроқ: – Нечун даркор тиғ-яроқ? Жавоб келар мозийдан: – Ватан учун! – дер Широқ. Насиб этсин Широқдай Чироқ бўлмоқ ярқироқ, Бош букмайин ёвларга Шаҳид ўлмоқ яхшироқ.                   1. ...Жалолиддин ёш эрди, Ёш эрса-да, бош эрди. Ғунчадайин қалбига Гулзор юртин жам этди. Синд бўйида Чингизнинг Оқсоч бошин хам этди. Қирғин солди Жўжига, Мўғул деган бўжига. Бош эгмади ҳеч маҳал, Жон берган йўқ бебадал. ...Қонсираган қотиллар Қонга сира тўймади, Кўрагоний наслига Тиғ урмоғин қўймади. Осмонни бир “лочинкўз” Посбонидан айирди, Ахтаршунос падарин Осмонидан айирди. Мўмин Мирзо шаҳиддир Бир малика макридан, Ё бобонинг қаҳридан, Ё чаённинг заҳридан... Бўри ерди бегумон Бўлинганни уч томон, Оқ бўрига, воҳасрат, Ўлжа бўлди учта хон. Забун эрди шонли туғ, Шош кўксини тилди ўқ, Хива, Хўқанд, Бухоро Харитадан бўлди йўқ... Оқпошшолар ахийри Чўлпонларга қасд қилди, Чўлпондайин чақнаган Усмонларга қасд қилди. Қодирийга куйганни Кумушбиби совутқай, Заҳарланган ул шўрлик Бизни қандоқ овутқай?..                   2. Ёвга кетди йигитлар, Йиғлаб қолди қаламқош. Чимилдиқлар ҳув этар, Қўш ёстиқда ёлғиз бош. ...Нури дийда эрдилар, Жону жигар, жон тоға, Кимга ўғил, кимга ёр, Жон ука ё жон оға. Қисмат шундоқ аччиқму – Тупроқ бўлмоқ олисда, Оққайинлар шохида Япроқ бўлмоқ олисда? ...Ул баҳорлар куз келди, Болта кесмас муз келди, Хатда қора сўз келиб, Пешанага туз келди. Синди бахтлар косаси, Оғу бўлди ширин ош, Кўча қараб яшайдир Неча ўн йил тўкиб ёш. Кечиб ўтди сувларни, Кемирди гар келса тош, Эй Аллоҳим, берибсан Тоғлардан-да чўнг бардош. Баҳори йўқ, ёзи йўқ, Булбули йўқ гул бўлди. Ўн гулидан бир гули Гул очмасдан тул бўлди. Ўтин бўлди ўттизда, Тутун бўлди, кул бўлди. Кўзлар қони кўл бўлди, Ғам-аламга қул бўлди. ...Ҳурдай эди шаҳидлар, Ўғил ё қиз қолган йўқ, Қабристонда лоақал Бир уюм из қолган йўқ. Нишони йўқ, номи йўқ, Қурбон-қурбон йигитлар. Дуогўйга интизор Руҳи сарсон йигитлар.                   3. Сўнгги уруш номини “Байналмилал” қўйдилар, Минг Алпомиш жонини “Стингер”да туйдилар. Қирғин Кобул, Қундузда, Тинмас на тун, кундузда. Шаҳид аскар арзимас Ақалли жез юлдузга. Алишербек шаҳрида Душман минмиш қаҳрига, Солди фиғон Афғон ҳам Ўзбекларнинг бағрига. Она қолди фироқда, Ўғил ўлди йироқда, Ёлғон экан чўбин от, Йигит келди “гроб”да.                   4. Ўзбек охир айланди Текин олтин қулларга, Ўқлар отди қатағон Эрксиз олтин қўлларга. Жафокаш эл бошидан Заҳри қотил қуярлар. Туҳмат тўқиб, номини, “Ўзбек иши” қўярлар. Оқ пахтани қора деб, Қайта-қайта қурдилар, “Қўшиб ёзган” миллатни Тағин қайта қирдилар... ...Таёқ теккан эл эдик, Жабр чеккан эл эдик. Кўнмайин ҳеч хўрликка, Бош кўтариб зўрликка, Ҳеч кечмайин ўзликдан, Эга бўлдик ҳурликка.                   5. Дуо чоғи қўл очсак, Парвона бир капалак, Жойнамозга тўш уриб, Қанот қоқар жон ҳалак. Капалакмас, бедор руҳ, Йўқлаб келмиш ё малак, Аждодлардан, мозийдан Келтирмишдир ё дарак. Дуодамиз, шаҳидлар, Дастурхондир сизга ҳам, Насиб этсин, Аллоҳим, Дуо борсин бизга ҳам. Тўғри бўлсак, айласак Ёмонликдан алҳазар, Эл қабримиз лавҳига Раҳмат тилаб хат ёзар. © Рустамжон УММАТОВ («Наманган ҳақиқати», 2025 йил 11 январь.) Telegram | Facebook | Wikipedia
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily