9#
Давоми
***
Озоднинг "Ўзбекмисиз?" деган саволига аёл жилмайиб инкор маъносида бош чайқади.
Озод чаққонлик билан елкасидаги рюкзакни ерга қўйиб, қутидаги буюртмани узатди. Шу пайт ичкаридан бир қарашда миллатини таниб олиш қийин бўлган бир йигит чиқди ва аёлга қараб:
-Оо, наш заказ... Имм, -деб қўйди лабини ялаб.
Уйнинг ичи иссиқ, шекилли, у спортчиларникидек жуссасига ёпишиб турган енги калта футболка кийиб олган. Билакларига турли нақшли безаклар туширилган, битта қулоғига зирак тақиб олган эди.
Йигит егуликни оларкан, Озодга қараб:
-Минуточку,- деб кўрсаткич бармоғини билан "тўхтаб тур" ишорасини қилди-да, уйга кириб, дарров чиқди. Озоднинг қўлига ташриф қоғозига ўхшаган, лекин фақатгина телефон рақамларии ёзилган қоғоз тутқазиб, ҳижжалаб гапирди:
-Иш.. кирак.. званит қил.. Ладно, -деди хайриҳоҳ қарашлари билан бирга елкасига дўстона қоқиб қўйди. Сўнг чўнтагидан пул чиқариб қўлига тутқазиб
-Это тебя, синга бу, -деди.
Озод унинг ҳамма гапларига тушунган бўлса ҳам жавоб бера олмай фақат қўли кўксида:
Раҳмат, брат, раҳмат, -деди.
У зинадан тушгунича, яна битта буюртма қабул қилди.
***
Бугун шанба. Моҳидилнинг дарси йўқ. Ҳар дам олиш кунида ўзининг тили билан айтганда "генералный" уборка қилади.
Ишни ювиладиган кирларни йиғишдан бошлади. Болаларнинг кийимлари, қайнисининг спорт кийимлари, ўзининг формалари билан анча кир йиғилиб қолибди.Биттагина ишлатилган кир совун қолибди. Кир ювиш кукунига пул қаёқда. Амаллаб уч марта қайта -қайта ювса очилар кирлари. Терлаб- пишиб охирги кирларини ёяётганда -кун пешиндан оғган эди. Қорни очиб, кўнгли озди. Бувиси раҳматли айтарди: "Кир ювиб чарчаган аёл супургини ҳам еб қўйгудек оч қолади, чунки бошқа юмушларга мадори қолмас экан," деб. Қани энди, ҳозир бир косагина иссиқ овқат бўлса.
У газга чой қўйди ва тишининг кавагида асраб турган, ёзда ёпган банкаларидан бирини очди. Буханка нонни кесиб иккита косага икрадан солди. Қуруқчой қолмапти. Нима қилишини билмай туриб сумкасидан майда пул олиб, уйларининг ёнбошидаги дўкондан донали, бир марталик чойдан уч дона олиб келди. Чойни термосга дамлади, бояги қуруқчойни ипидан ушлаб туриб икки марта ботириб олиб, яна ишлатиш учун авайлаб пиёлага олиб қўйди. Қайнонасининг қон босимини ўлчаб, дориларини ичирди. Кейин ҳаммалари ўтириб тушлик қилишди. Дилноза отасини соғинганми, икки кундан бери хархаша қилади. Ҳозир ҳам ўзидан -ўзи тухум ейман деб додлади. Шунча ялиниб -ёлворса ҳам ҳеч нарса емай, ҳиқиллаб ухлаб қолди.
Энди бир амаллаб ошхоналарни йиғиб бўлган ҳам эди, телефонининг таниш мусиқаси эшитилди. Телефон экранидаги Онажоним деган ёзувни кўриб юзи ёришиб кетди.
-Алло, ассалому алайкум, онажоним, яхшимисиз, дадам, акаларим яхшими?
-Ваалейкум ассалом. Болам, ўзинг яхшимисан, ишдан ортиб бундоқ қўнғироқ қилай ҳам демайсан-а, -деб гинахонлик қилди онаси.
Моҳидилнинг кўзларига ёш келди. Кошки.. Телефонининг пули бўлса, бир кунда ўн марта телефон қилиб соғинган волидасининг овозини эшитса...
-Иш кўпайиб кетди, ўзиз яхшимисиз, соғлиғингиз яхшими?-деди бошқа гап топа олмай.
-Ҳа, бир нави... Эртага уйдаги келинойингнинг туғилган куни- қирққа киради, келгин болаларингни олиб. Қудамгаям айт келсинлар, -деб, бироз уёқ-буёқдан гаплашган бўлиб, гўшакни қўйди. Дилдора онаси билан гаплашаяпти-ю, икки хаёли, йўлкирани қаердан оламан, нима олиб бораман, совғачи -бир вақтнинг ўзида шу ҳамма саволга жавоб излаяпти.
Реакция... Реакция... Реакция...
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi