View in Telegram
2# Моҳидилнинг номига кредитга машина олишди. Энди ҳомиладорлик таътилига чиқаман , деб кун санаб юрган аёл боласи уч ойликдан ошганда ноилож ишга қайтди. Ҳозир ойлиги шундоқ кредитда кетади.Ишлаган инсон ойлик маош олганда ҳузур, завқ туйса, унга бу туйғулар бегона бўлганига ҳам беш ойдан ошди. Худди кўнглидагиларни уққандай қайнонаси Озодга қараб: -Менга қара, икки кундан буён машинанг ҳам кўринмайди, ё.. Уриб олмадингми, ишқилиб? Ҳалидан буён бир оғиз гапирмай ўтирган эри асабий овозда: -Гаровга олиб қолишди. Пулни қайтарсанг, кейин оласан, деб, ойи мен кетмасам бўлмайди... Энди онаси бир нуқтага тикилиб қолган эди. *** Малика уйга келса, 5-синфда ўқийдиган укаси бир ўзи эшикни ичидан илиб ўтирган экан. Онаси кечки овқатни қайнатиб кетибди. Ҳаммаёқ саришта. Қандай улгурар экан-а. Ҳар доим онасига: -Ойижон, илтимос, ўзингизни кўп уринтирманг, ўзим ўқишдан келиб қиламан, -деса, жилмайиб: -Болам сен ўқишинг, керак, ҳозир биз учун бир дақиқа ҳам ғанимат. Олти ой нари бериси билан мактабни битирасан,- дейди, сўнг қўлини очиб ихлос билан дуо қилади. Малика, албатта, ўқишга кириши керак. Унинг шифокор бўлишини орзу қиладиган ота -онасининг минг машаққат билан ишлаб топаётган пулларини оқлаши керак. Онаси дори ишлаб чиқарадиган қандайдир фирмада қадоқловчи бўлиб ишлайди. Иш тугаши билан мактабга чопади. Ўнтача синфнинг полини артади. Малика ўзлари ўқийдиган хонадан ҳаммадан кейин чиқади. Ерда ётган қоғоз, кофедан бўшаган бир марталик идишларни йиғиб ахлат челакка ташлайди, онасига ёрдам. Синфдошлари нарса еб полга ташлашса, терлаб -пишиб пол артаётган онаси кўз олдига келади. Отаси йўналишли такси(Маршрутка) ҳайдайди. Ишдан бўш вақт топди дегунча, баъзан туни билан ҳам Матизида кира қилади. Хуллас, ота -онасининг бор умиди шу фарзандларидан. Уларни ўқитиб, катта одам қилишмоқчи. Ўз орзулари рўёбини фарзандлари орқали кўришни ният қилишган. *** Озоднинг ҳеч омади юришмади- юришмадида, нимага қўл урмасин чаппасига кетади.Шаҳарда иш кўп, пул топиш осон дейишганди. Мана келганига уч йил бўлган бўлса, тузук -қуруқ бир нарса сотиб ололгани ҳам йўқ. Шаҳарда яшайдиган қишлоқдошлари ҳашаматли машиналарда қишлоғига кириб келишса, у ҳам шаҳарга кўчиб борсам, шунақа тез бойиб кетаман, деб ўйлабди. Амал -тақал қилиб кун кўриб юрган эди, Лазиз қўймади: -Ҳамма пул онлайн ўйинда, қачонгача шунақа юрамиз,- деб. Умрида ушламаган пулини бўйнига илиб , камига машинанинг ҳам ҳужжат -пужжати билан олиб қўйди, номардлар. Шунча пулни қаёқдан олади, нега бунча омадсиз экан-а, Йўқ, бу ерлардан тезроқ кетмаса, ўзини ҳам соғ қўймайди, бу балохўрлар. Лазиз одам топибди у ёқда кутиб оладиган.Билетга ҳам тўлашаркан, ишлаб бериш шарти билан. Узоғи индинга етиб бориши керак. Онаси ҳам йиғлаб эзиб юборди, амаллаб тинчлантириб олса, йўл ҳаракатини бошларди. Ишлари яхши бўлиб кетиб, беш -олти сўм пул юборса, ҳаммаси изига тушиб кетади. Тезроқ ҳаракат қилиши керак, фақат тезроқ... Давоми бор... Реакция билдириб қўйинг, илҳом келади... https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily