7#
***
Моҳидил бир пайтлар "Эркак киши- оиланинг баракаси" деб эшитган эди. Ҳақ гап экан. Эрининг кетганига икки ҳафта бўлди. Аввалари ҳам рўзғорда етишмовчилик бўлиб турар эди-ю, аммо бу даражада эмас эди. Жувон ҳам жисмонан, ҳам руҳан толиқди. Совун олса, картошка тугайди, картошка топса ёғ йўқ... Етти ойлик Содиқжонга қайнонаси сутдан манний ёрмали бўтқа қилиб, у ишдан келгунича овутиб турарди. Шу кунларда сут олишнинг ҳам иложи бўлмай қолди. Унинг устига қайнонасининг тоби йўқ, дам бадам қон босими безовта қилаяпти.
Моҳидил дўконга кириб охирги пулига нон сотиб олар экан, бир хўрсиниб , "эртага Худо пошшо" деб қўйди.
Улар яшайдиган кўп қаватли уйнинг орқасида пастқам уйлар тушган маҳалла бор. Моҳидил кечадан бери минг мулоҳаза қилиб кўрди ва охирги дақиқаларда ҳам ўйлаб туриб, кулранг бўёққа бўялган эшикни тақиллатди.
Ичкаридан " шип-шип" қадам товуши эшитилди.
Ёши олтмишлардан ошган, оқ-сариққа мойил юзли, бўйлари пастгина аёл чиқди ва танимаганлиги нигоҳидан сезилиб:
-Келинг, қизим, яхшимисиз -деб елка қоқиб кўришди.
У салом бериб, нима деб гапни давом эттиришни билмай турдида, кейин ўзини ўнглаб олди чоғи, сал дадиллашиб сўз бошлади:
- Мен ҳув анави, ғиштли "дом" да
тураман, бир -икки марта сут, қатиқ олгани келганман... Ёш болам бор, ўзим ўқитувчиман... Агар хўп десангиз, ҳар куни ярим литр сут олиб турсам, кейин пулини йиғиб ойликда бераман. Ўғлим каша ичади...
У гапини тугатмасдан аёл:
-Майли, болам, болага эканку, ўзи бўғоз сигир, ҳадемай, сутдан чиқади оқ сотмаяпмиз анчадан бери, аммо ярим литрни амалласа бўлади. Идиш олиб келганмидингиз? -деб унинг бўм-бўш қўлларига қаради-ю, -Ҳозир, -деганча кириб кетиб, бир литр банкада сут кўтариб чиқдида,- яхшиям, ивитиб қўймабман, олинг, идишини эртага олиб келарсиз. Шу болажоннинг насибаси эканда, эртага ярим литр олиб қўяман, -деб икки кўзини қисиб қўйди, хотиржам бўлинг дегандай.
Моҳидил сутни икки қўллаб олар экан:
-Катта раҳмат,-деб, тез бурилиб кетди. Кетяпти-ю, кўз ёшлари юмалаб, пальтосининг мўйнасини ҳўл қиларди.. Боласига сут топганиданми, эрка қиз- эгилмаган бошини танимаган етти ёт бегоналар олдида дилбанди учун эгганигами, банкадаги сутни маҳкам бағрига босиб ўксиб - ўксиб йиғлаб борарди.
Реакция қани...
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi