Мангу саволлар
Қисмат!
Пасайтирди пилигимизни,
Меҳнат!
Суриб олди илигимизни,
Давлат!
Қўлламади қилиғимизни...
Биз энди нетайлик, Художон?!
Кел дединг,
Келдик биз дунёларингга,
Бил дединг,
Ишондик рўёларингга,
Дил дединг,
Интилдик зиёларингга...
Айт, қайга кетайлик, Художон?!
Кўзинг,
Синдирди шаьн-шамширимизни,
Юзинг,
Сингдирмади ёмғиримизни,
Ўзинг,
Таҳрир қилгил тақдиримизни,
Васлингга етайлик, Художон!
Ўрасак,
Занжирлар кўп зиён экан,
Беласак,
Бешикда ишқ чаён экан,
Сўрасак...
Манзилинг ноаён экан,
Айт, қайда кутайлик, Художон?!!!
2018 й
Ё бу ҳам камми?
Мени ўчирдингиз оқ руйхатлардан,
Экранлардан эса маюс чеҳрамни.
Энди қутилдимми сиз калхатлардан,
Ё бу ҳам камми?
Жонингиз тинчирми ғорга яшринсам,
Ўчирсам руҳимда ёнган ҳар шамни.
Кўнглингиз тўларми сув каби тинсам,
Ё бу ҳам камми?
Тинчийсизми кирсам ернинг остига,
Бошимга рўмолдек ёпинсам ғамни,
Тугаб боряпман-ку нурнинг қастида,
Ё бу ҳам камми?
Ҳеч хавотир олманг, хотиржам бўлинг,
Ва парчалаб ташланг синган одамни.
Дунёга бир кебсиз...бахтларга тўлинг,
Ё бу ҳам камми?
2018 й
Муҳит манзараси
Осмони йўқ, лекин осмондан келиб,
Мен булутман деган буғларни кўрдим.
Онамдек жим, ожиз турганим билиб,
"Мен раҳбарман!" деган дўғларни кўрдим.
Бахтимга қарайман, ичкин, кўзланган,
Изларимга боқсам недир изланган,
Ҳар куни Худога юз бор юзланган,
Юзлаб юзсиз, юзи йўқларни кўрдим.
Истадим: Сўз билан дилларни ёқсам,
Истадим: Дилларнинг пойида оқсам,
Дўстимдан бир дастхат ахтариб боқсам,
Кўксимга босилган чўғларни кўрдим.
Шукр, тупроқ олсам, олганим олтин,
Лол қолдим бундайин илоҳий ҳолдин:
Елкамга санчилган тиғлардан, олдин,
Руҳимга қадалган тўғларни кўрдим.
21.04.2020
@Guljamol_Asqarova