Рақс
Ҳар гал бир бўшлиқ истайман,
ҳеч кимсиз, ҳеч нарсасиз бир бўшлиқ.
Кейин, у бўшлиқни тўлдирмоқ истайман...
Экранларни тўлдириб, бахт ва бахтсизлик, ишқсизлик оқибатлари ҳақида гапираман...
Қайтаётиб, таксига ўтириб куламан,
Ўзимнинг устимдан, албатта...
Ишга бораман,
Мажлисларда ўтиради сувратим.
Чўкиб бораётганим ҳақида
эслагиси келмас сувратимнинг ҳам...
Тўйга бораман,
Кимнинг тўйи эди?
Кетаётиб эслашга уринаман.
Бораман, кимнинг тўйи эканининг нима фарқи бор аслида...
Ўзим бахтга ишонмасамда,
бахт тилайман,
ҳаммага жўр бўлиб.
Қўлларимни баланд кўтариб ўйнайман,
Учгим, учиб кетгим келаётганини яшираман ўзимча.
Ўзимча,
аллақачонлар севганларим ёдидан ўчганимни,
Энди аввалгидек севилмаслигимни,
Ҳеч қачон ҳеч кимга суяна олмаганимни,
Ва ўз тақдиримни яшамаётганимни,
Аслида тақдирим йўқ эканини,
Ёлғизлик ҳаммасидан яхшилигини,
Ҳамма-ҳаммасини яширмоқчи бўламан.
Бахтли аёллар рақсга тушолмайдилар, ишонинг!
Мени тўйингизга айтинг,
Рақсга тушиб бераман.
05.05.2024 й
@Guljamol_Asqarova