Мана бу «шедевр»да ажримларни камайтириш тарғиб қилинаётган экан, (яъни, мазмунга эътибор берилса, шу ғояни зўрға илғаш мумкин!) Келинг, аслида, бу ролик нималар ҳақида «ҳайқираётгани» борасида таҳлилона фикр юритамиз.
Аввало, бу ролик оилавий зўравонлик ва ажрашган аёлларга нисбатан жамиятнинг муносабати деган ўта мураккаб ва оғриқли мавзуни кўтаради. Лекин, бир нарсани тан олиш керак: фақат ажрашган аёлларгагина эмас, балки турмушга чиқмаган қизларга ҳам шундай муносабат бўлиши мумкин. Бунинг учун роликдагидақа ҳайдовчи, бошлиқ ва дўкондор билан бир оғилда тарбия кўр(ма)ган битта ҳайвонфеъл одамшаклли мавжудот топилса кифоя - баъзан янги ишга олинган ходимага (турмушга чиқмаган қиз бўладими ё ажрашган аёл, ҳатто, ажрашмаган аёл бўлсаям, фарқи йўқ!) енгилтак (эркак жинсидаги) раҳбар ёки ҳамкасб йигит/эркаклар томонидан синов учун бўлсаям бир «қармоқ ташлаб» кўрилади. Ёки дўкондор - янги кўчиб келган қўшни қиз-аёлга гап ташлаши мумкин. Ҳайдовчилар-ку, гап отмагани - вояга етмаган қизалоқлар ҳам қолмади. Бундан келиб чиқадики, роликдаги аёлга билдирилган муносабат фақат ажрашган аёлнинг муаммоси эмас, балки, сексизм, аёлларга нисбатан нафрат ва қурбонни айблаш маданияти билан боғлиқ жамиятдаги чуқурроқ муаммоларни ҳам кўрсатиб беради.
Роликдаги асосий тарғиботга қайтсак:
- Роликни зўравонликка чидашга чақирув сифатида тушуниш мумкин. «Бундай муносабат»дан кўра ўлимни, зўравонликни афзал кўрган аёлнинг фожиали тарихи кишида ачиниш ҳиссини пайдо қилиши мумкин, лекин айни пайтда вазиятдан чиқишнинг ягона йўли (зўравон қўлидан) ўлим деган таассурот уйғотади. Бу зўравонлик қурбонларини ёрдам сўрашдан тўсиб қўядиган хавфли хабардир.
- Бошқа томондан, ролик оилавий зўравонлик муаммоси ва унинг оқибатларига эътибор қаратиш учун кучли восита бўлиши мумкин. У зўравонлик қурбонлари нафақат зўравон томонидан, балки уларни қўллаб-қувватламайдиган ва кўпинча айбловчи жамият томонидан ҳам иккиламчи зарбага учрашини кўрсатади.
Зўравонликка чидашга чақириқлар бу муаммо атрофида сукут маданиятини сақлаб қолишга замин яратади. Қурбонлар айбланиш ёки ишончсизликдан ҳадиксираб, зулм кўраётгани ҳақида гапиришдан қўрқадилар. (Бу ролик сўнгида очиқ-ойдин айтиб ўтилган!)
Зўравонликка чидаш уни жамиятда нормаллаштиришга олиб келади. Биз одамларга нисбатан зўравонликка лоқайд бўлиш билан бошқа заиф қатлам вакилларига нисбатан ҳам зўравонликка йўл очамиз. Қурбон зулмга сабр қилиши керак, десак, бу билан содир этилган зўравонлик учун жавобгарликни унинг зиммасига юклаймиз. Зўравон жазоланмай қолиб, жиноятларини яна давом эттираверади - бу ролик қаҳрамони айтганидек, қурбоннинг ўлимига ҳам олиб келиши мумкин.
Оилавий зўравонлик муаммосини ҳал қилиш учун қуйидагиларни ўз ичига оладиган комплекс ёндашув талаб этилади:
- Ижтимоий нормаларни ўзгартириш, яъни, жинсий роллар, зўравонлик ҳақидаги ижтимоий норма ва стереотипларни ўзгартириш керак.
- Зўравонликнинг олдини олиш учун, аввало, ёшлар орасида соғлом муносабатлар ва бошқа одамларга ҳурмат билан қарашга ўргатувчи профилактика ишларини олиб бориш муҳим.
- Қурбонларга кўмак бериш, яъни, улар учун хавфсиз шароит яратиш, уларга психологик ва юридик ёрдам кўрсатиш зарур.
- Зўравонларни жиноятлари учун қонуний жавобгарликка тортиш керак.
Зўравонлик қурбонларини чидаш ва жим туришга чақириб бўлмайди. Бунинг ўрнига, зўравонликка тоқатсиз бўлган ва қурбонлар зарур ёрдамни ололадиган жамият яратиш керак.
Хулоса ўрнида: Ажримларни камайтиришга ҳисса қўшмоқчимисиз? Унда зулмга сабр қилишни тарғиб қиладиган роликлар суратга олманг, балки, зўравонликни йўқ қилишга чақирадиган контент яратинг. Шунда ажримлар сезиларли даражада камаяди, ишонаверинг!
© Алия ТЕМУРИЙЗОДА
#SukutSaqlama #СукутСақлама #Ажримлар #Оила #ОиладагиЗўравонлик #ЗўравонликкаЙўқДеймиз #ЗўравонликданХолиЎзбекистон