#ФикрYoutube да ушбу
қисқа видео (shorts)ни кўриб, Расул Кушербаевнинг
«хотинлар ва қариялар уйи» ҳақидаги «оташин» фикри эсимга тушиб қолди.
Ўзимизнинг тилда «Бировнинг таҳоратига намоз ўқиш» деб айтиладиган бу ҳолат кўплаб оилаларда учрайди, ҳатто, доим шунақа бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Яъни, «роппа-родной» ўғиллар уйланиши биланоқ хотинидан ўз фарзандлик бурчини бир четга суриб қўйиб, эрнинг зиммасидаги фарзандлик бурчини адо этишни талаб қилишлари, уйланиш олдидан очиқдан-очиқ,
«ота-онасининг хизматини қилиб, кўнглини топиб юрса бўлди» эканини айтишлари ўта нормал бўлиб улгурган. Лекин,
мана бу ерда ёзилишича, «шариат аёллар зиммасига ҳатто ўз эрини таомини пиширишни ҳам вожиб қилган эмас. Қайнона, қайнота, эрнинг ака-ука ва опа-сингилларининг хизмати у ёқда турсин. Аллоҳ таоло аёл кишига фарзанд тарбиясини вожиб қилган» холос.
Кушербаевнинг иддаоси бўйича эса, гўёки, аёл келин эканини унутиб, «келинлик бурчи»ни бажаришни истамай, эридан ота-онасини қариялар уйига олиб боришни талаб қилади ва эркаклигини унутган ўғил хотинининг талабига «лаббай» деб жавоб бериб, ота-онасининг «оёғини ерга теккизмай» қариялар уйига олиб бориб ташлайди экан.
Шу жойига, «Эй, эркакмисан? Ота-онанг сени болаликдан боқиб катта қилди, едириб-ичирди, кийинтирди. Таълим-тарбия берди, касал бўлсанг, даволатди, ишқилиб, сени сен қилган одамлар шулар! Шуларни қайтарадиган вақтинг келганда, нега бўйин товлаб, юкингни беш-бегона хотинингни зиммасига юклашинг керак? Тур, бор, ота-онангни хизматини қил, фарзандлик бурчингни бажар! Хотининг қарашни истамаса, нима қипти? Сен хотинингни ота-онасига ўтказиб қўйган жойинг бормидики, хотинингдан ота-онангга қарашни талаб қиласан? Хотининг қилгиси келмаса, ўзинг қил! Ногиронмисан, ёш боламисан, майиб-мажруҳмисан? Ҳеч бўлмаса, ўзингни фикринг йўқми, ким нима буюрса қилиб кетаверадиган югурдакмисан? Ёки сенга меҳнати кетганларнинг, умри кетганларнинг ҳақидан қўрқмайдиган аблаҳмисан?» - деб ташлайдиган одам йўқ-да!
Эй, ёмон ўргандиларинг-а, ота-оналарингга то умрини охиригача хотинларинг қараса, ҳатто опа-сингил, ака-укаларинггаям «Ота-онамга фақат мен қарадим!» - деб кекирдак чўзасизлар, қариялар уйига обориб ташлашга бўлса, «Хотиним айтди (буюрди)» бўладими? Кимни алдамоқчи бўляпсизлар? Бандасиними, Худоними?
Мен масаланинг ҳуқуқий жиҳатдан «ляп»ларига тўхталишни истамайман. Мен отасини хотинининг гапига кўра саҳрога опчиқиб ташлаган ўғил ҳақида шеър ўқиганман, онасини қариялар уйига обориб ташлагани ҳақида фильмлар, новеллалар кўрганман, лекин реал ҳаётда кўпинча хотинини урадиган, бирорта гапини эътиборга олмайдиган, одамлар олдидаям бир тийин қилиб ташлайдиган эрларни учратаман. Соғ пайти келинига кун бермай, ўлигигача шу «ёмон келин»нинг виждонига қолиб кетган қайнона-қайноталарни биламан. Кушербаев танийдиган «лаббайчи» эрларнинг макони қаерда? Қайси Ўзбекистонда, локация ташлаб беришсин?
Жиддийчасига айтадиган бўлсак, хотинингиз ота-онангизга ғамхўрлик қилишни истамаса, ўзингиз ғамхўрлик қилинг. Ота-онангизни қариялар уйига обориб ташлаётган бўлсангиз - буни хотинингиз айтгани учунмас, ўзингиз уларга қарагингиз келмагани учунгина қиляпсиз. Ўз эгоистлигингизни аёлларни қадрсизлантириш ва ёмонотлиқ қилиш орқали ниқоблашга уринманг!
© Гапира ҚОЧДИЕВА#СукутСақлама #ЭркакчаЭго #ЖаннатиАёл