***
Ҳар ким ўз қисмати қошида ёлғиз,
Гарчи атрофимда дўстлар бор – холис,
Улар уммондаги хас каби ожиз,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Оғир бу йилларнинг тоши енгилми,
Биров очолмади тилсим севгимни,
Учратмасанг, қайдан топай тенгимни,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Умримни чўқилаб зоғлар алмашди,
Йўқолиб-йўқолмай доғлар алмашди,
Елкамдан тушолмай тоғлар алмашди,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Ўйларим – кишанда, кўнглим – кишанда,
Сўрадим, сўрашни қилмадим канда,
Авлиё бўлса ҳам, бандаси – банда,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Савобу гуноҳда беқарордирман,
Ажаб, шу ҳолимга сервиқордирман,
Умидсизлик аро умидвордирман,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ!
2009 йил
© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим