?..
Йўқ, ҳали олдинда видо онлари,
Фақат бир қайрилиб ортимга боқдим.
Мени деб ёришди кимнинг тонглари,
Кимнинг қароғига шамчироқ ёқдим?
Йиртиб отмайдиган шеърларим борми?
Менга қарши гувоҳ бўлмасми сўзлар?
Ранжитганим йўқми қишни, баҳорни?
Рози кетдимикан меҳмон ёз, кузлар?
Бир куни Юрагим тилга кирганда,
Суйганим ўзимга бўлмасми зиён?
Кўзларим барини сотиб турганда,
Мени қутқаргани келарми Иймон?
Қандай бўлар экан ишонч меваси?
Эккан-тикканларим пушмон бермасми?
Оғир ботмасмикан қалбим шеваси?
Қаттиқроқ йўталим исён эмасми?..
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим