View in Telegram
КУЧЛИ ОДАМга Кўн дейсиз ҳаётнинг йўлдан оздирувчи ажина шамолларига. Шамолларга соврилиб кетсам майлими? Кўн дейсиз, Парчалаб ташловчи оқимларга терс сузаверма, етар, бўлди-да! Тинч яшагин, Хотиржам яша, Менга айтар энг буюк тилагингиз шу. Тилаклар Тилимлар, тилимлар Гўзал кулгиларимни. Еб битирганидек вужудни оғу. Кўн дейсиз, Икки томчи сувга бўккан Рангпар кунларга. Телба-тескари дунёнинг Телба-тескари қонунларига. Кўнган одам кучли эмиш Кўниккан, Мослашган ҳар турли вазиятларга Ҳар турли тусга кириб буқаламундек. Кўн дейсиз, Оқни қора десанг ўлмайсан бир гал Ҳа, ўлмайсан! Жонинг омон қолар Заҳар-заққум сувин ичишга изн берар Яна Тириклик. Кўн дейсиз, Ўзингиз ҳам кўнолмайсиз-ку, ахир! Зарра-заррангизгача ҳис қилиб турсам Ич-ичимдан фош этсам ич-ичингизни Ярангизга малҳам истайсиз мендан Кўнган бошингизни кесолмаслигим биласиз шартта Атай қиласиз а? Атай қиласиз. Барини билиб туришимни ўзингиз ҳам биласиз! Атай қиласиз. Қачонлардир Кимларгадир Балки ҳануз Кўниб кетганингиз оғриғини яширмоқчи бўласиз. Уяласиз. Уялганингиз сари Шартларингиз Овозингиз ҳам баландлайди басма-басига. Биласиз! Дунёнинг ғирром ўйинларини (Ҳалоли ҳам бўлармикан ўйиннинг, тавба) Артиб қўйганман Туфлимнинг пошналарига. Ўтинаман кўндирманг мени Артиб қўймасимдан кўнглингиз Авайлаб юрганим рўмолчангизга. Мен заифман, Бечораҳолман! Тушларимга кирмас кучли бўлишим. Орзуларим этагига-да ёпишиб қолмаган Жилла бу истак. Менга ҳайрат керак Ва бахт бир олам. Ўзлигим Эътиқодим Синдирмаса бас биз кесишган нуқталар Нуқта қўймаса бас кўниколмас руҳимга. Биласиз, Кўниколмаслигим ноҳақликларга. Ҳаёт шундай, кўник! Дейсиз яна кўзимга қараб. Атай қиласиз а? Атай қиласиз! Юрагимни тош билан уриб Мажақлаб ташлаганингизни ҳам биласиз-у Атай қиласиз. Мажбурлик ва Чорасизликдан. Шу икки сўз Сиз билан турмаса дейман. Ҳафа бўлиб кетаман. Ўкиниб кетаман. Нега мажбурсиз?! Ким учун? Чорасизликдан ўзга чоралар бисёр. Қўл узатсангиз, бас. Истамайсиз Атай қиласиз. Атай қилмайсиз! Кўникиб бўлгансиз Аллақачонлар... Жамиятнинг "кучли одам" деган унвони Ялтиллаб туради юракчангизда. Кўзларингиз-чи? Порлармикин Кўниколмаганлик Суруридан қачонлардир Эй, кучли одам?! Кўн дейсиз! Лек истамайсиз буни ҳеч қачон. Шундай заифлигим ёқади сизга, Кўникмаслигим. Мени йўқотасиз, Севмай қўясиз балки ҳеч қачон. Тўпалоншамолдек ёқаман сизга, Биламан, Сизга отилиб турувчи вулқон кераклигини. Йўқса, Йўқ қилиб юборар иккимизни-да Менинг жимлигим. Тағин кўн дейсиз... Севара Алижонова. 06.06.2022
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily