#Ҳаёт_цирк
Цирк беш-олти яшар болаларим учун қизиқ бўлмай қолибди. Ҳайвонларга бунақа кийим кийдириб, масхара қилиши тўғримасмиш. Улар Африкада, ёввойи табиатда, ўзини юртида яшаши керакмиш. Қорбобо, қорқиз, ялмоғиз, Санта Клаус ҳам фақат роль бўлиб бергани учун ўйнаб беряптикан, асли ҳаётда йўқ эмиш. Лазер шоу ва акробатлар чиқишидан ҳайратланишди, қандай қилиб одам бунақа натижага эришгани қизиқроқ туюлди. Эҳ, ҳозирги ёшлар! Болаларим олдида мен болароқ эканман. Икки авлод вакилининг ҳайратлари, муносабати ҳозирдан бошқача.
Менинг наздимда ҳам энди цирк, зоопаркларга одамларнинг эҳтиёжи йўқ. Биз фақат эҳтиёжимиз нуқтаи назаридан баҳо, ечим берамиз, хулоса қиламиз-ку. Беш яшар боланинг ақли етиб турибди: уларни қафасдан, масхарадан озод қилиш керак. Бу сафарги томошада бўри ва қўйнинг тандемини янгилик қилишибди. Нималарни ўйлаб топишмайди-я! Ҳатто шерни қўлга ўргатиш мумкин, лекин бўринимас дея ўзини бўрига қиёсловчи эркаклар ўзига бошқа тимсол топишига тўғри келаркан энди. Одамзод бўрини қўй билан апоқ-чапоқ қилиб қўйишга қодир-у, аммо одам тили, биродарининг тилини тополмайди. Қандай қизиқ мавжудотмиз! Асли биз томоша қўйяпмиз деб ўйлаймиз-у, ҳайвонлар бизнинг томошамизни кўришмаяптимикан?..
Яна бир гап, ҳайвонга ўз вақтида томошага чиқишни ўргатиш мумкин экан, лекин одамга томошага (ҳатто!) ўз вақтида келиш ва ўз вақтида қўзғалиш санъатини ўргатиб бўлмас экан. Ҳар ҳолда бизнинг жамиятда.
Ҳайвон қатнашган томошаларга бормасликка келишиб олдик болалар билан. Циркдан чиқарган хулосамиз шу.
@sevara_alijonova