Тасаввур кукунлари
Янги йил байрами
рост байрам аслида.
Одамни галлюцинация ҳолатига солиб,
Иллюзиялар кўйига ташлаб қўядиган байрам бу...
Мен қаердан билдим буни?
Синчиклаб қарасам атрофимда ҳамма янгилик истайди...
Болакайлар янги ўйинчоқ,
Қизалоқлар янги қўғирчоқ...
Кимдир янги дўст,
Эски уйи ҳам бўлмаганлар янги уй,
Ватани бордеклар
янги Ватан истайди...
Мана, энг яқин одамим ёнимда
янги бир саргузашт излаётир...
У менга сездирмай уддаламоқчи бўлади буни...
Интернет деган оламда юракчалар босар кўзлаётган саргузаштига...
Бу билан босилмас юрагин ҳовури...
Бориб,
кўзи билан кўриб,
қўли билан тутиб
кўргиси келар
ўз тасаввуридаги иллюзияни...
Куламан,
чунки мен унинг зериккан ҳисларини ундан аввалроқ туйиб бўлганман, яшаб бўлганман...
Чунки, мен ҳам
мастона кутилган янги йилнинг янги бир саргузашти бўлганман холос...
Ташлаб юборилган хотиралар ичида жонланиб тураман баъзида...
Янгилангим келар менинг ҳам!
Гулжамол Асқарова
@sevara_alijonova