#Asqar_Mahkam_65_yoshdaИлоҳим жойингиз Фирдавс жаннатида бўлсин Устоз!
* * *
Мен - ярми форс
ярми - туркийман...
Бўлгани шу. Бошқасин билмам...
Хожа Ҳофиз ғазали билан
тили чиққан битта шоирман
Менинг йиртиқ яқоларимни
ғазал билан тиккан азизлар
Аллалади боболаримни
Ҳирот Шероз Балху Табризлар...
Гарчи маъюс бу Мусаллода
пешонамнинг излари йўқдир
лекин бузруквор Бухорода
Мусаллонинг шаъни улуғдир
Нақшбанднинг чориғи билан
кездим Табриз кўчаларини
Авлиёлар қўпдилар бирдан
бошда тутиб қуббаларини...
Фаришталар учарди енгил
нурга чулғаб гўё бағрингни
Авлиёлар дедилар: "Бергил
эй мусофир чориқларингни..."
Ўйладим Шайх розидир балки
боқдим Жайҳун узра шафаққа...
"Олинг Шамс Табризий ҳаққи
чориқ эмас жоним садақа"...
26.10.2000
* * *
Қораяди Табриз шамоли
дарвиш тоғлар аста кўз юмар
Эртакларда ўлмас шоҳларни
пари қизлар ўпиб ўлдирар...
Лаб тутаркан бу маккоралар
оғу билан бўяниб рангин
Шоҳаншоҳлар ҳай бечоралар
жон бераркан ушлаб юрагин...
Қорайганда қора қасрлар
жим-жит ҳарам ичра тўлғаниб
мана неча-неча асрлар
шоҳлар ётар ерда булғаниб
балки эртак балки чин-ёлғон
нима дердим менга бари бир...
Паривашлар бўярлар ҳамон
оғу билан ғунча лабларин...
26.10.2000
Мусофирман...
ғарибман...
билмам...
Табриз менга афсоналар айт!
Юриб-юриб бунда келибман
Табриз менга афсоналар айт!..
Аразладинг ва қаро кийдинг
Қаро зулфинг қародир қошинг
Карбалода йиғлаб йиқилдинг
Ҳусайндек кесилди бошинг...
Табриз менга афсоналар айт!
Тунлар ҳижоб кийганида тек
Менинг кампир бувим ҳам бир пайт
ҳижоб кийиб юрарди сендек...
Табриз менга афсоналар айт
мен-да ғариб
сен-да ғарибсан...
Табриз менга афсоналар айт!
Мен-да Табриз
сен-да Табризсан!...
26.10.2000
Асқар Маҳкам