Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси
Марҳум дўстим, элимизнинг севимли шоирларидан бири Асқар Маҳкамни ёд этиб.
Бир пайтлар сиёсий йўлдан озиб, Дўрмондаги ёзувчилар боғида кўрсатган ахмақона "кароматим" туфайли хибсга олиниб, кейинчалик озод этилган пайтларим.
Ҳомий топиб, Тошкентдаги бир қўлбола "нашриёт"га китобим нашри учун пул ўтказдиргандим."Ношир" тушмагур сал ёлғончироқ экан, китоб нашрини ана мана деб чўзиб юраверди. Хомийлар мен ёзган чизган нарсаларга бефарқ бўлмаган, бадиий адабиёт муҳлислари эди. Шу сабаб китоб нашрига беминнат, устама тўлов фойизисиз пул ўтказиб берган эдилар. Улар менга қўнғироқ қилиб: -Ака, китоб чиқдими? Қачон бизга китобингизни дастхат билан совға қиласиз? - дейишини, "ношир" эса, алдаб, пулни айлантириб, пайсалга солишини қўймасди. Хомийлар анчайин жиддий одамлар эди.
Мен уларнинг олдида фирибгар "ношир" туфайли худди ёлғончидай бўлиб қолаётганимдан хижолат чекардим. Шундай кунларнинг бирида бир укамизнинг шахсий автомобилида Тошкентга йўл олдим. Қўлбола "нашриёт" 16 қаватли журналный центр биносига жойлашган эди. Юқорига чиқдим. "Ношир" яна қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб, китоб яқинда нашрдан чиқади дея вада берди. Мен унга пул ўтказиб берган одамлар жиддий одамлар эканини, улар билан ҳазиллашиб бўлмаслигини айтиб, сўнги бор огохландирдим. Ҳайрлашиб, коридорга чиқдимда, шопир бола кутавериб, бўғилиб кетгандир? -деган ўйда деразадан пастга қарадим.Қарасам, уни иккита милиция ходими сўроққа тутаётган экан. Буни кўриб: -Тушунарли. Афтидан булар яна мени қамайдилар шекилли? - деган ўйга бордим. Кейин шоир дўстим Асқар Махкам раҳматли ишлайдиган хонага кирдим. Асқар мени хурсанд бўлиб қарши оларкан, биз қучоқ очиб кўришдик.Ҳол аҳвол сўрашгач, мен Асқарга: -Дўстим, афтидан мени яна қамайдилар шекилли. Фарзандларим ҳали ёш. Улар боқувчисиз қоладилар. Мабодо қамалиб кетсам, анави нашриётда яқинда нашрдан чиқадиган китобларимни ўғлим Мақсудбекка жўнатиб юбора оласизми? Менсиз улар қийналиб қолишади. Китобларимни сотишса, рўзғорга бироз ёрдам бўлар -дедим. Гапларимдан Асқар раҳматли шок ҳолатига тушган бўлсада, сездирмасликка, мени тинчлантиришга уринди: -Э, қўйсангизчи, Холдор, Худо сақласин. Нафасингизни иссиқ қилинг. Ундай бўлмас. Лекин сиз ҳавотир оламанг, ўғлингизнинг уй адресини ёзиб қолдиринг. Мен албатта китобларингизни фарзандларингизга жўнатиб юбораман -деди. Мен адресни ёздим. Шундан кейин Асқар иккимиз, худди қонхўр диктатор ташталин (товарищч сталин) репрессиясига учраган шоирлар каби қучоқ очиб, ҳайрлашдик. Ўшанда мен Асқарнинг кўзларига ёш қалққанини кўрганман. Мен хонадан чиқиб, пастга тушдим. Шопир болани ташлаб кетиш номардлик. Майли қамаса, қамашсин. Бечора шопир болада нима айб? Уни қутқаришим керак - дея, шопир болани олиб кириб кетишган милиция қароргохига кирдим. Мени кўриб, шопир қувониб кетди: -Мана, ўзи келяпти. Мен шу одам билан бирга келганман -деди шоша -пиша. Шу маҳал шопирнинг хужжатларини ксероксдан чиқараётган офицерлардан бири мени таниб: -Ие, шоир ака. Унақамасда. Шопирингизга айтсангиз бўлмайдими? Машинани Президент девонига яқин жойга тўхтатибдилар. Бу мумкин эмас. Бунинг устига довон ошиб келган Андижон номерли машина лой, кир чир бўлиб ётибди. Ҳозир терроризмга қарши кураш кетаётган пайтда шундай қиласизми? -деди. Мен узр сўрадим. -Узр, командир. Ҳозироқ бу ердан кетамиз -дедим. Милиция ходими шопирнинг хужжатларини қайтариб берди. Ҳар гал шу воқеа ёдимга тушса, энг оғир дамларда ҳам дўстларидан юз ўгирмаган шоир дўстим Асқар Маҳкамни ўйлайвераман. Ҳаққига ғойибона дуолар қиламан.Шоир дўстимнинг Жойлари Жаннатдан бўлсин.
Қуйидаги суратда Асқар Маҳкамнинг ўзи каби камтарин, ғарибгина сўнги манзили - мозорини кўриб турибсиз
18-10-2024.
Кеч соат 8:04.
Канада, Онтарио.