Афсуски, ҳамиша ҳам шундай эмас. Агар бу ҳикматга амал қилинганида, Асқар Маҳкамнинг талабалигидаёқ камида тўртта китоби чоп этилиши керак эди... Яна бир воқеа: Асқарали ака билан бирга 1985 йилда Тошкентга кетдик. Мақсад аён – Тошкентда қолиб ишлаш. Паспортни қайд қилдириш муаммоси қарийб бир йилга чўзилди. Ва ниҳоят, бир кишини “прописка” қилиш имкони пайдо бўлди. Камтарликни қаранг-ки, орамиздаги ёш, қолаверса, иқтидор тафовути “аз куҷо то ба куҷо” (еру осмон қадар) бўлишига қарамай, Асқарали ака ўша имкониятни менга раво кўрмоқчи бўлди. Аксинча бўлиши лозимлигига бир амаллаб кўндиргандим ўшанда. Дунёга келиб, қилган бир тузукроқ ишим шу бўлса, ажабмас... Фурсат ўтмай, Худо “ол, қулим!” деди-ю менинг муаммоларим ҳам ҳал бўлиб кетди...
Шеъру шоирликнинг баҳридан ўтиб, Россияда узоқ муддат санқиб қайтганимдан сўнг Садриддинни Хужандда учратиб қолдим. Кўришмаганимизга ўн йилдан ортиқроқ фурсат ўтганди. Ундан Асқарали аканинг бетоблигини эшитган чоғимда, хаёлимга “ҳойнаҳой, талабалик йилларида орттирган лаънати полиартрит хасталигининг навбатдаги хуружи, давоси топиладиган асорати бўлса керак” деган фикр келди. Аммо... Муҳаммад Иқболдан кейин Жалолиддин Румий руҳига мурид тутинган, Мансур Ҳаллождан кейин “нафсда ўлиб, илоҳда қайта тирилиш” жараёнидаги, устоз мақомидаги увайсий бир дўст, бир қадрдоннинг ўлим билан аёвсиз олишаётганидан бехабар эдим... Ўлимидан тўрт ой олдин Асқарали ака билан телефонда гаплашдик...
Вафотидан кейин, 2008 йили худди шу куни Хужанд Давлат университетида Асқар Маҳкамнинг 50 йиллиги нишонланди. Асқар Маҳкамнинг душанбелик ва хужандлик курсдошлари ҳомийлигида нашр этилган катта ҳажмдаги “Оқ китоб”(муҳаррир – Абдуллоҳ Зуҳур, нашрга тайёрлаганлар – Садриддин Ашур, Абдулла Насриддин)и йиғилиш аҳлига тақдим этилди. Ўша тадбирда иштирок этган болалар шоири Султонмурод Ҳожибоевнинг ушбу гаплари ҳануз эсимда: “Ажал – гулчин. У ботил умр чечагидан аввал сара гулларни танлайди. Баъзиларнинг узоқ умр кўриш учунгина ўзини асраб-авайлаши, ростини айтсам, менга бироз эриш туюлади. Гап беш-ўн йил кам ёки ортиқ умргузаронликда эмас, Худо берган умрга, у тўққиз ойми, тўқсон йилми, қай тарзда мазмун бахш этишда. Атиги 48 йил умр кўрган Асқар Маҳкам тимсолида мен шу ҳақиқатга иқрор бўлдим... Асқаржоннинг Жангалободдаги уйида меҳмон бўлганимдаги қават-қават кўрпачалар солиб қилган меҳрибончиликларини, дарё бўйида ўтириб суҳбатлашишимизга шароит яратишдаги жонбозлигини, Тошкентдаги меҳмондўстлигини эсласам хижолат тортиб кетаман... Шундай улуғ одам...”.
Асқар Маҳкам ижоди ҳали умуман тадқиқ этилмаган деса ҳам бўлади. Бу йўлда айрим уринишлар (Юсуфали Шоназаровнинг “Асқар Маҳкам” номли китоби, “Сўйладик гоҳ урён, гоҳи мунаққаш” туркум мақолалари, Абдуллоҳ Зуҳурнинг “Қаттиқ иймон шоири” мақоласи) албатта, қувонтиради. Жумладан, Неъматулло Иброҳим Асқар Маҳкамнинг “Ҳақ” китобига ёзган сўзбошисида шундай дейди: “Асқар Маҳкам ўз асарларида Инсонни бор мураккаблиги билан тасвирлайди. Юзаки тавсиф этиш унинг руҳиятига ётдир. Бошқача қилиб айтганда, у Инсонни нафрат билан севади, инкор билан эътироф этади, оғу билан даволашга, алам билан шодлантиришга интилади...”.
Эшитишимга қараганда, ҳаётининг сўнгги кунларида Асқар Маҳкам билан Исмат Худоёр, Набижон Боқий, Абдуғафур Маматов, Икром Отамурод, Олимжон Давлатов, Алишер Нарзуллоҳ... ва яна мен алҳол исмларини эслолмаётган яна бир гуруҳ дўстлар ва Асқарали аканинг, Садриддиннинг яқинлари бирга бўлишган. Исмат Худоёр шундай деганди: “Асқарали ака билан сўнгги лаҳзасида бирга эдим. Менинг қўлимда жон берди. Жисми жондан фориғ бўлгач, юзида, худди нимадандир ҳайратлангандек бир ифодани кўрдим...”.
Билмадим, Асқарали ака, нима учундир, толни яхши кўрарди. Қабрлар бошига ҳар хил дарахтлар, гуллардан кўра тол эккан яхшироқ, дерди. Ҳатто унга бағишлаб ёзган эски бир шеъримда шундай сатрлар ҳам бор: “Менинг соғинганим – энг сўнгги Одам, Бир кун бориб у ҳам мени алдайди. Бир кун... мозоримга бир туп толни ҳам, Ўлмаса, шу шўрлик бувим қадайди...”.