View in Telegram
АСҚАР МАҲКАМ ТАВАЛЛУДИНИНГ 65 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН Ушбу битиклар бундан роппа-роса ўн йил муқаддам ёзилганди. Бу орада Асқар Маҳкам ҳаёти ва ижодига доир айрим тадбирлар, кашфиётлар рўй берди: 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тожикистон Адиблар Иттифоқида Асқар Маҳкамнинг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар; Башорат Отажонова ташкил этган “Асқар Маҳкам ижоди” телеграм канали; Рашид Хожамовнинг Асқар Маҳкам ижодига бағишланган илмий тадқиқотлари шулар жумласидандир. Бундай эзгу ҳодисаларга бош-қош бўлган қадрдонларимиздан Оллоҳ рози бўлсин!.. “НАСИБ ҚИЛСА ҚАЙТИБ КЕЛАРМАН...” (Асқар Маҳкам таваллудининг 55 йиллиги муносабати билан) Асқарали ака жуда кам умр кўрди. Кўрган кам умрида ҳам ёруғ кунлари саноқли эди. Балки шунинг учундир, тунни яхши кўрарди, суҳбатларимизда тунни “фариштасифат ҳолат” дерди. Дарҳақиқат, тунда одам барча ниқоблардан холи кўнгил ҳаётини бошдан кечиради. Кундузи кўзингизга балодай кўринган қаттол душманингиз ҳам ўша лаҳзада содиқ дўст; жонингизни жабборга бериб, ортидан қувган ташвишларингиз ҳам ўша ҳолатда майда, иддаоларингиз беҳуда туюлади. Кимнингдир кўнглини ранжитганингизни ўйлаб, ўзингизни гуноҳкордай ҳис қиласиз. Шафқатли, кечиримли бўласиз. Ҳақ билан кўнглингиз орасидаги масофа яқинлашиб, парда тобора ҳарирлашиб бораверади... Ва беихтиёр суҳбатимиз, Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” асаридаги кундуз куни чироқ кўтариб, бозордаги гавжум оломон ичра Одам ахтарган донишмандга бориб тақаларди. Кўп ҳолатларда бири бирини инкор этувчи, бири бирига зид фикрларимиз ўша лаҳзада бирлашарди ва ўзимизча хулоса чиқарардик: Эҳтимол, ўша донишманд ахтарган Одамини кундузнинг бўғзидан эмас, тун қаъридан излаганида эди, уни чироқ ёқмай ҳам топа олган бўлармиди... Одам... Асқар Маҳкам илк китобини “Одам” деб номлаганди. “Наврўз” деб ўзгартиришди. Садриддин (Садриддин Ашур) айтади: Асқарали акада далда бериш, айниқса, бошига оғир мусибат тушган чорасиз кўнгилларни кўтариш қудрати бор эди. Мусурмон (Мастчоҳлик курсдошимиз)нинг фарзанди туйқусдан вафот этганда, шўрлик бутунлай чўкиб, ўзини йўқотиб, яшагиси ҳам келмай қолганди. Бу мусибатдан хабар топиб, дўстимиздан кўнгил сўрагани, Тошкентдан Мастчоҳга келдик. Асқарали ака ўзига хос самимият ва куюнчаклик билан, тун бўйи ухламай Мусурмонни тақдирга тан беришга ярайдиган ҳолатга қайтарганди... Курсдошимиз Абдуҳафиз (Абдуҳафиз Мирзааҳмад)нинг укаси афғон урушида ҳалок бўлганда, Тошкентга эндигина келиб, ҳали ишга жойлашишга улгурмаган Исматулло (Исмат Худоёр)нинг бошига кўргулик тушгандаги Асқарали аканинг изтиробларига, жонбахш таскин-тасаллиларига мен ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Далда берувчилар кўп, аммо, Асқарали акадай дилбардорларни жуда кам кўрдим. Асқар Маҳкам бағрикенг эди. Одатда, талантли инсонларнинг аксариятига хос бу хислат. Ким нима сўраса, сўзбошими, тақризми, тавсияномами... Ёзиб бераверарди. Унинг бағрикенглик билан ёзиб берган фикрларини дастак қилиб, ўзини етук ижодкор ҳисоблаб юрганлар, унинг қалами тиғидан сачраган кукунлар билан обрў, эътибор, мақом топганлар орасида “эшаги лойдан ўтгандан” сўнг меҳр-оқибатни унутганлари ҳам кўп. Асқарали ака ижод аҳлини бир муҳит, бир маслак атрофида бирлаштира оларди. Ўтган асрнинг саксонинчи, тўғрироғи, 1983-85 йилларда (ўшанда “Совет Тожикистони” газетасида бирга ишлардик) Асқар Маҳкамнинг шарофати билан яхши адабий муҳит пайдо бўлганди. Ҳозир эса... Устоз ижодкорларга оғир ботса ҳам, тўғрисини айтиш керак: Тожикистондаги узбек адабий муҳити бугунги кунда имомсиз масжидга ўхшайди. Тўрт томон – қибла. Сўз – ўгай ота-она зуғумидан бўзлаётган етимдай гўё... Асқарали ака худбинлик нималигини билмасди. “Совет Тожикистони”да бирга ишлаб юрганимизда атрофидаги барча ижодкорларнинг асарларини вилоят ва ноҳиялардаги ўзбек тилида чиқадиган газеталарга юборишдан эринмасди. Унинг хатти-ҳаракатлари билан бир гал “Қўрғонтепа ҳақиқати” вилоят газетасида менинг ҳам бир туркум шеърларим эълон қилинди. Ҳозир ўн томлик китобим чиқса ҳам кипригим қилт этмаслиги мумкин. Аммо, ўшанда ҳаяжонлангандим... Зеро, ҳар бир ҳодиса ўз вақти-соатида рўй бергани яхши.
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily