View in Telegram
Ўтган йили Душанбега борганимда Жангалободнинг сал юқорироғида жойлашган Гулмозорбободаги қабрини зиёрат қиларканман, бир нарсага ҳайрон қолдим: Тўқсон етти фойиз ери тошдан иборат бўлган мамлакатда Асқар Маҳкамнинг қабри тепасига ўрнатиш учун кўркамроқ бир тош, наҳотки, топилмаган бўлса?!.. Қизиғи шундаки, тўрт кунлик омонат умримиз учун ҳашаматли қасрлар қуриб ташлаймиз. Аммо дўстларимиз, яқинларимиз мангу ором оладиган маконни, сал бўлса-да, эпақага келтириш кераклигини англамаймиз ёки жуда кеч англаймиз... Анвар ака (Асқар Маҳкамнинг акаси), Жаъфарбек (Асқар Маҳкамнинг укаси)лар, Худо хайрини берсин, имкони етгунча қабрни обод қилишга ҳаракат қилганлар. Юқоридаги таъна-маломатлар ўзимизга, дўстларга тегишли… Бизга биздан-да яқинроқ Парвардигор Асқарали аканинг Охиратини обод айлаган бўлсин! Унинг Охиратидан кейинги яна бир обод манзили, яъни, “Асқар Маҳкам саҳифаси” ҳам борки, Асқар Маҳкамнинг яқинлари, дўстлари, мухлислари номидан ушбу саҳифани барпо айлаган салоҳиятли, нуктадон, маърифатли инсон, дўстимиз Олима Набизодага беадад раҳматлар айтамиз ва энг юксак хислатлар Соҳиби, қудрат ва ҳикмат Эгаси Парвардигордан унга саломатлик, хотиржамлик, қадр англаш, савоб йўлидаги ишларида ободлик, қурб-қувват тилаймиз! Сўз охирида Сизлар билан баҳам кўрмоқчи бўлганим, Лойиқнинг “Шоир қадри” шеъри холис ниятларимизга ҳамоҳанг бўлади, бир кун келиб шеър ва одамийлик мулкида ўзига хос ҳодисага айланган Асқар Маҳкам ўзининг бундан-да баландроқ қадрини топади, деб ўйлайман. * * * Ошиқлар оҳ тортса ҳижронга ботиб, Зўрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб, Дўстлар бир-бирини кетса гар сотиб, Ўшанда билинар шоирнинг қадри. Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам, Тутса бир ёш юрак ер узра мотам, Ўзидан ўзини ахтарса одам, Ўшанда билинар шоирнинг қадри. Овчиларнинг ови юришмаган он, Бошин эгиб қайтса, елкада камон, Харсанг тош устида ўтирса ҳайрон, Ўшанда билинар шоирнинг қадри. Йўловчи қумлоқдан ўтиб кетса гар, Оҳанги қумларга чўкиб кетса гар, Бир парча шеър ўқиб жўшиб кетса гар, Ўшанда билинар шоирнинг қадри. Кўнгил базми совиб қолса ногаҳон, Қачонки, гўзаллик бўлса паришон, Эзгулик дунёси унутилган он, Ўшанда билинар шоирнинг қадри. Дунё тор келганда зўрлар лошига, Ҳангомаю ғурур етиб бошига, Ёзув ахтарганда қабр тошига, Ўшанда билинар шоирнинг қадри. Одамзод қайтадан топса қадрини, Куйга солиб айтса алам, дардини, Бир сўздан ахтарса ул дард шарҳини, Ўшанда билинар шоирнинг қадри. 2013 йил. Manba: Ustoz Odil Ikrom facebook sahifasidan olindi!
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily