#аудиошеър
#мухлисдан
* * *
Олислардан бир интиқ
нигоҳ менга термулар,
Кўнгли чўкиб, ўксиниб,
ногоҳ ерга термулар,
Дийдоримни тополмай
бир-бир элга термулар,
Шу интизор кўзларни
ҳеч юмилмас – уйғоқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
Юзларига тақдирнинг
шамоллари битди хат,
Ҳар йўқотган кунидан
топди аччиқ бир ҳикмат,
Умри кимларга бахш-у
ўзига йўқдир шафқат,
Майли, қадди дол бўлсин,
майли, сочларин оқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
Кафтларида мен учун
доим ризқ ва дуо бор,
Менинг бахтимдан бўлак
унда не муддао бор,
Она деган каломда
наҳот шунча даво бор,
Ҳеч кимга зор бўлмай-у,
онамга яқинроқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
Ўз боғини тарк этган
қуш каби учдим-кетдим,
Хотирда сақлаб бўлмас
туш каби учдим-кетдим,
Худди онам боқийдек
ташлаб-у учдим-кетдим,
Мен қуш каби қайтайин,
уни яшнаган боғ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
🎙 Нодира