31 ДЕКАБРЬ
Яғир босган елкамни
ёпди олифта костюм,
Дард ўйнаган кўксимни
пана қилди бўйинбоғ.
Янги йил – остонамда
турган навқирон дўстим,
Сен билан ҳаёт ҳақда
суҳбатимиз муҳимроқ.
Телефонлар жаранги,
қоғозлар қуршовида
Жиддий нигоҳларимни
йўлларингга тикдим мен.
Шоир кўнглим ўлтирар
дераза – гул шохида,
Бу сафар ҳузурингга
одам бўлиб чиқдим мен.
Янги йил, сен наинки
тақвимдаги имлолар,
Отам, онам, боламни
улаб берган боғич – сен.
Намангандан Тошкентга
ёғаётган дуолар,
Тошкентдан Наманганга
оқаётган соғинч – сен.
Ўтмишим келажакка
ўтаётган нозик пайт
Тилим, дилим рост бўлсин,
ёлғонлардан тўйганман.
Янги йил, фақат менга
сеҳрли ҳақиқат айт,
Янги йил, мен сеҳрли
эртаклардан тўйганман.
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ