#Ҳаётий ҳикоя
Менинг аям ҳаммадан яхши!
Аям раҳматлик билан бўлган қуйидаги воқеани минг азоб билан эслайман! Ёшлигимда, 5 ёшимда тақдирнинг тақозоси билан онам ортидан ўзга хонадонга эргашиб бордим....
Кунларнинг бирида янги отамнинг барча қариндошлари болалари билан Ўш шаҳрига, Сулаймон тоғига зиёратга бордик. Кунимиз завқли ўтди, болалар билан роса қувлашиб, тоғларга чиқиб мириқиб ўйнадик. Ҳамма болаларига ширинликлар, овунчоқлар, музқаймоқлар олиб бериб сийлар эди. Мен эса, қимтинибгина ўтирган, хали тўлиқ янги қариндошларига кўникиб улгурмаган, қамсуқум аяжонимнинг пинжига кириб, катталар учун ёзилган дастурхондаги нон ва чой билан сийландим холос, чунки уйда аямнинг чўнтагида умуман пули йўқлиги ҳақида огоҳлантирилгандим, буни устига ўгайлигимни жудаям яхши ҳис қилардим, янги отамнинг эса ҳали меҳрини қозонолмадим ёки хаёлидан кўтарилдим чоғи, лекин барибир хурсанд эдим...
Уйга қайтдик, яратганнинг қудратиданми ярим кечаси уйғониб кетсам, аямнинг яратганга нолиб, Роббим боламни мартабасини улуғ, ризқини баланд қил, сабрли-садоқатли қил деб, йиғлаётганини гувоҳи бўлдим...
Ўрнимдан шошиб туриб, вазиятга тушунар-тушинмас, Аяжоним, меҳрибоним, нега йиғлаяпсиз? - деб, юз-кўзидан ўпиб, аяжонимга суйкаландим, раҳматлигим, аяжоним мени бағрига маҳкам босар экан, болам сен хафа бўлмагин хўп, мен тақдиримдан, қисматимдан йиғлаяпман, Сулаймон тоғида мўлтираб турган кўзларингни кўриб сенга атиги бир донагина ширинлик ёки ўйинчоқ олиб беролмаганим учун йиғлаяпман болам, дедилар!
Хўрлигим келиб, аламларим ёдимга тушиб, тўлиб-тўлиб йиғладим. Шу туни она-бола ухламадик, осмон бизга қўшилиб йиғлагандек шу кеча, эрталабгача бир биримизни бағримизга босиб, биримиз биримизни юпатиб чиқдик...
Бир-биримизни суйгувчи ҳам, эркалагувчи ҳам фақат иккимиз эдик! Койисак ҳам, фақатгина бир биримизники ўтмас эди, холос! Меҳримиз фақат меҳримиздан сув ичарди! Ҳуркак кийикдек ўтган бўлса ҳам, аям билан биргаликда ўтган ўша кунларимни жуда соғинаман!
Шу куни ўзимга ўзим, келажакда ўқиб олим бўламан, қўлимдан келган эзгуликни инсонларга улашаман, зийрак ва андишали бўламан, ҳар бир мўминни кўнглини олиш бахти ва қудратига сазовор бўламан, фарзандларимга ҳар қандай шароитда ўзим оталик қиламан, курашаман ва мақсадларимга албатта эришаман, онажонимни бахтли қиламан деб ваъда бердим! Ўша тун болалигимни, эркалигимни раҳматлигимни пойига кўмганман... Бу кунни раҳматли аям, Очилдин ҳожи қизи Ҳимоятхон ўтган кундан кейинги, энг мудҳиш кун сифатида, шунингдек, ҳаётда эришган барча муваффақиятларимга пойдевор қўйилган кун сифатида хотирлайман, қадрлайман!
Ўша пайтларда колхоз идораларини олдида кечки маҳал қишлоқ меҳнаткашлари учун маданий дам олиш концертлари бўларди. 7 ёшли боламан. Мен кўпроқ раққоса қизларга ҳавас билан қарардим. Чунки хаёлан раҳматлик аям билан ўша назокатли ва гўзал раққоса аёлларни солиштирардим.
Ҳар қанча уринмай Аямнинг қадоқ қўллари, юзларидаги ажинлари, оҳори тўкилган чит кўйлаги, қатиқ ёки зардоб ҳиди анқиб турадиган силлиқ сочлари, айвондаги катта ва кичик кетмонлари ва ранги билинар-билинмас йиртилиб кетай деб турган этиги кўз олдимдан кетмас эди.
Биласизми, ўша ёшда,ўша кун туни билан нималарни орзу хаёли билан ётардим? Катта бўлсам, албатта, аямга раққосаники каби ялтироқ кўйлак, ироқи дўппи, узун тошли исирға, ковушдеккина оёқ кийим олиб бераман, дея ўзимга ўзим ваъда берардим. Аямни хаёлларимда ўша раққосалардек ясанган ҳолатда тасаввур қилиб, жудаям бахтиёр, ўзимдан мамнун бўлиб,ширин хўрсиниб қўярдим.
Вақти келиб болалик хаёлларим рўёбга ҳам чиқди, лекин у кўриниш мени мазлум аямга асло ярашмади ва бахтиёр кунларим узоққа чўзилмай, раҳматлигим,онкологик касаллик билан бу дунёни тарк этди...
У пайтларда декабрда ҳам пахта териларди. Раҳматлик аямни қишли қировли кунларда қўли ёрилиб, қор остида қолган ғўзапояларни ўроқда ўриб келиб, тандирда пиширган нонларини емасдан йиғлаганман. 6-синф боласиман, ёрдам берай мен ҳам деб далага орқасидан борганимда, уришиб ҳайдаганлари, касал бўлиб қолсанг, нима қиламан деб йиғлаганлари ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди. Мени деб, ўзини қурбон қилган онам!
Давоми 👈🏻@HIKOYANEW