УМР ҲИКМАТЛАРИ
Асқад Мухторнинг “Уйқу қочганда” (“Тундаликлар”) китобидан
* Китоб – бойлик. Лекин сотиб олгани эмас, ўқилгани.
* Бу танқидчи мисли жарроҳдек: аввал жиндек мақтов билан ухлатиб, кейин операция қилади.
* Ёзувчи саёз жойда чўкади.
* Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман деб ўйламайди.
* Тошнинг бардоши зўр.
* Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.
* Кичкина бир аҳмоқдан қўрқинг (масалан, у “қизил” тугмачани босиб юбориши мумкин).
* Танқидчи ёш адибни қимматбаҳо фикрларининг олтин ёмбиси билан уриб майиб қилди.
* Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам ишонч билан иш кўриши керак. Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Кичкина Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди.
* Денгиз, гўё Ерни ҳушига келтирмоқчидек, ҳадеб қирғоққа сув сепарди…
* “Муз ўчиб қолди!” деди бола сувда эриб кетган муз парчасини кўриб.
* Товус – пенсиядаги афсона.
* Ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади.
* Шамол шамни ўчиради. Шунга ўхшаб, айрилиқ ҳам шунчаки хушторликни совитиши мумкин, чин муҳаббатни эса ўт олдиради.
* Ҳақиқат – худодир: уни ҳамма билади-ю, ўзини ҳеч ким кўрмаган.
* Ўзимизда бўлган туйғуларни яшириш қийинми ёки ўзимизда бўлмаган туйғуларни ифодалашми? Шукур Бурҳон менинг бу саволимга шундай деб жавоб берган эди: иккаласига ҳам артистизм керак.
* Бахт – бойликда, десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.
* Агар айб фақат бир томондагина бўлса, урушлар узоқ давом этмас эди.
* Ёзув машинкаси ясама тишларини кўрсатиб тиржаяди…
* Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон.
* Икки маҳбус қамоқхона панжарасидан ташқарига қараб тураркан, бири ахлат уюмини кўрибди, бири – юлдузларни…
* Даҳолар ўз касблари доирасидан чиқиб кетадилар. Фалончи – шоир, фалончи – олим, аммо Навоий – Навоийдир, Эйнштейн – Эйнштейн.
* Милтиқ ҳар отганда ўзи сесканиб орқага тисарилади.
* Олма нега қизаради? Балки, Одам Атонинг Момо Ҳаво қулоғига шивирлаган гапларини эслаётгандир?..
* Қалам сўзнинг соясини чизади.
* Сонет – шеъриятнинг олифта камзули.
* Асал – уруғликдир, гўшт – қотиллик, сут – бузоқнинг ҳақи… Ё Оллоҳ, гуноҳларимиздан кечармикансан?!
* Тун шафақнинг тасмасини кесди…
* Бойликни бойлик қилган – ўзимиз. Агар унга бунчалик сиғинмасак, у бир тийинга арзимас эди.
* Ҳар хил экстрасенсу азайимхонларнинг айби йўқ: улар алдангиси келганларни алдайди.
* Мих болғадан қочиб қутуламан деб, тахтага кириб кетди.
* Оҳангдорлиги билангина эмас, мазмунан ҳам қофиядош сўзлар кўп: тош – дош, оҳанг – жаранг, замон – ёмон…
* Авваллари яшаш учун ёздим, энди ёзиш учун яшамоқдаман.
* Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам… Йўқ, меним бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.
* Биз атеист ҳам эмасмиз, художўй ҳам эмасмиз. Биз шунчаки ялқовмиз: худонинг бор ёки йўқлиги ҳақида астойдил ўйлашга эринамиз.
* Инсон – табиат боласи, боланинг гуноҳидан кечиш мумкин.
* Хотин кишини қимматбаҳо мўйналарга ўрасанг – совимайди.
* Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.
* Ишламаган тишламайди, дерди амалдор. Ўзи эса ҳамон тишларди. Чунки унинг иши шу.
* Одам маст бўлса, бир ухлаб тургач, ҳушига келади, аҳмоқ эса – асло. Борди-ю, одам ҳам аҳмоқ, ҳам маст бўлса-чи?
* Меҳмон яхши-да! Келганида бир хурсанд бўласиз, кетганида – яна.
* Ҳурматни у бойлик ё сармоя деб билади чоғи, қарзга бергандай улашади.
* Меҳнатни роҳатга айлантиришни хаёл қилар эдик, роҳат меҳнатга айланди.
@baxt_va_hayot_maktabi