ҲАР ЕРДА
Қайдаки, рақиб бор – рафиқ топилгай,
Қайдаки, таъқиб бор – тавфиқ топилгай,
Қайдаки, малъун бор – дардлари бўлсин,
Қайдаки, мардум бор – мардлари бўлсин!
Қайдаки, ифрот бор – тўғон тиларман,
Қайдаки, шаррот бор – имон тиларман,
Қайдаки, манҳус бор – қузғун шерикдир,
Қайдаки, номус бор – қасос тирикдир!
Қайдаки, мазлум бор – тарафдориман,
Қайдаки, маҳкум бор – нажоткориман,
Қайдаки, ғазо бор – ёргунман ўзим,
Қайдаки, Мусо бор – Ҳорунман ўзим!
Қайдаки, тошқин бор – банди бузилган,
Қайдаки, қочқин бор – қўлман узалган.
Қайдаки, зиндон бор – замондошиман,
Қайдаки, афғон бор – фиғондошиман!
Қайдаки, Машраб бор – дор унда ҳосил,
Қайдаки, ишрат бор – ўйнар азозил,
Қайдаки, ўзбек бор – ўзагим боғлиқ,
Кўксига тиғ ботса, кўксимда ўғриқ...
Қайдаки, иғво бор – урчийди қобон,
Қайдаки, ғавғо бор – эрк сўзи тобон.
Қайдаки, арзон бор – заргари йўқдир,
Қайдаки, сарсон бор – сарвари йўқдир!
Қайдаки, ифрот бор – тўғон тиларман,
Қайдаки, шаррот бор – имон тиларман,
Қайдаки, малъун бор – дардлари бўлсин,
Қайдаки, мардум бор – мардлари бўлсин!
©️ Шаҳриёр Шавкат
@Dil_Dost