#танлов#шеър_ва_тасвир 14-иштирокчи Моҳинур Хазратулло қизи * * * Эсингдами, ака, ёз оқшомлари, зангор шуълаларга чўмган сўримиз, бақалар сайраган тун илҳомланиб, кўклам кенгликлардан аразлаган кез, осмон ҳавзасида порлаган қизлар, нозбўй ҳидларини улашган палла, шакароб тупроқдан сочилган ислар, кимсасиз маҳалла?! Эски «Женифер»га термулиб қандай ажаб афсоналар кўрардик қанча: Девид Аттенборо, Мел Гибсон, Ван Дамм, Жет Ли, Жеки Чан... Филм ярмидаёқ ухлаб қолардик, қолгани тушимда бўларди бунёд. Қизиқтирмас эди бизни беҳадик Бинямин расмига топинган дунё. Бизни қизиқтирган ўшанда фақат уруш саҳналари ва жанг-талотум ва мардона ўлим ва буюк тоқат, «бидиш-бидиш», «бум-бум»... Ажаб далли эдик иккаламиз ҳам, мен — бир хаёлпараст, сен — бир шумтака... саҳарлар чанг ютиб арпа ўрган дам эсингдами, ака?! Ям-яшил пайкаллар ўроқ дамидан бироз тин олганда — кар, соқов, сўқир — кечаги кинони қолган ярмидан айтиб берар эдинг ичингдан тўқиб. Сенинг қиёфангда келарди балқиб, сўзларди, урарди ва бўларди гум: Брюс Ли, Шоҳруххон, Маколей Калкин; «бидиш-бидиш», «бум-бум»... Ёлғон еди сенинг ҳикоянг гарчи, гарчи ишланмаган сен айтган филм, аммо ишонардим сенга чиппа-чин, шундай содда эди, кенг эди феълим. Эсингдами, ака, ёз оқшомлари, зангор шуълаларга чўмган сўримиз?! О, ҳануз қўмсайман ўша онларни, о, ҳануз қолсайдим ўшандай тамиз! Гарчи давом этар то мана-ҳануз уруш саҳналари, кураш, талотум, ўлимлар, ўлимлар... ва яна ҳануз «бидиш-бидиш», «бум-бум». Энди зерикарли бўлиб туюлар, энди қўрқитади бу ваҳший «кино», сенинг қиёфангда аврамоқ бўлар Бинямин расмига топинган дунё. Энди толиқади руҳим ичимда кечган «бидиш-бидиш, бум-буму буф»дан, зориққан, ичиккан маҳдудман чиндан қудуқда хожасин кутган Юсуфдай. Ажаб икки далли бўлган эдик жам: мен — бир хаёлпараст, сен — бир шумтака... ва ҳануз ишонай ёлғон бўлса ҳам кино тўқиб бергин мен учун, ака! Ёлғон гапирмайсан энди, биламан, биламан, рўйирост айтасан энди, акажон, ҳозирги ростгўйлигингдан ўша ёлғонларинг азизроқ эди. Биламан, уруш ҳам кўрдинг — ҳақиқий, талотўплар ичра яшадинг ҳар зум, чиндан чангал урди ҳар бир дақиқа «бидиш-бидиш», «бум-бум»... Аммо унутмагин шуълага ботган эски «Женифер»га ёндош сўрини, ёлғон ҳикоянгга ишониб ётган уканг кўзларингга турсин кўриниб. Осмон ҳавзасида порлаган қизлар, кўйна зовурларда ҳайқирган бақа, шакароб тупроқдан сочилган ислар... эсингдами, ака?! Эсингдами, ака, ёз оқшомлари?! Мансур Жумаев