#Сўраган_эдингиз
Кетма-кет юкламалар имлоси
Қўшимча кўринишидаги юкламаларнинг баъзилари, жумладан,
-чи, -а(-я), -да, -у(-ю), -ку чизиқча билан ёзилади: келса-чи, билса-я, ўқиса-да, билдим-у, айтдим-ку.
Хўш, шундай юкламалар кетма-кет келиб қолса-чи? Қоидага кўра, улар чизиқча билан ёзилади:
Унга ўхшар экансан-да-а?
Бунақа қўш юкламали гап жуда кам учрайди-ю, лекин тилда бор ҳолат. Кетма-кет чизиқ қўйиш кўзга ёқимсиз. Шунинг учун кўп китобларда, жумладан, изоҳли луғатда бунга ўхшаш ҳолатлар қуйидагича имлода берилган:
Унга ўхшар экансан-да, а?
Изоҳли луғатдан мисол:
–
Бизнинг қишлоқдан ҳам маълумот борган экан-да, а? – деди.
А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари.
Тиниш белгиларини қўллашдан мақсад матнни ўқувчига
тушунарли етказиш эканини инобатга олиб,
-да ва
-а юкламалари бирин-кетин келганда иккинчи юкламадан олдин вергул қўйилишини оқласа ҳам, ёқласа ҳам бўлади.
Изоҳли луғат
-ми ва
-а юкламалари кетма-кет келган ҳолатларда ҳам баъзан
-а юкламасидан олдин вергул ишлатган:
Қани, нонга қаранглар. Жамолиддин, ё ошга урнаб юборайми, а?
М. Исмоилий, Фарғона т. о.
Лекин бу ўринда вергул ишлатиш ўзини оқламайди, менимча. Қоидага
кўра, чизиқча билан ёзавериш керак:
Қани, нонга қаранглар. Жамолиддин, ё ошга урнаб юборайми-а?
М. Исмоилий, Фарғона т. о.
Бир сўздаги иккита чизиқча диққатни чалғитади. Лекин юкламаларни чизиқча билан ёзишни хато деб бўлмайди, чунки қоидага биноан, шундай ёзиш керак. Вергул ҳам, чизиқча ҳам ишлатмаслик эса – хато.
-а юкламасини бошқа ҳолларда вергул билан ёзиш ҳам янглишдир.
Мен чизиқчали қўш юклама келган ҳолатда иккинчи юкламадан олдин вергул ишлатишни афзал кўраман.
📌 Демак:
Буни олдинроқ билган экансан-да, а?
✅
Буни олдинроқ билган экансан-да-а?
✅
Буни олдинроқ билган экансан-да а?
❌
Буни олдинроқ билган экансан, а?
❌
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib