ХУШОМАД
Нашриётда “Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” китобини чоп этишга тайёрлаётган эдик. Кибриё Қаҳҳорова – тузувчи, Озод Шарафиддинов – масъул муҳаррир, мен нашриёт муҳаррири эдим.
Қўлёзма тахт бўлгач, босмахонага топширишдан олдин учаламиз адибнинг уй-музейида тўпланиб, уни батафсил муҳокама қилдик.
Икки-уч соатлик иш тугаганидан сўнг ўрнимиздан турдик. Озод ака нимқоронғи йўлакдаги қазноққа осиб қўйилган пальтосини олиб киймоқчи бўлди.
Ҳурмат-одоб юзасидан у кишига ёрдам бермоқчи эдим, домла “Қўйинг, ўзим” деб унамади.
– Озод ака, мен ҳам шогирдингизман, келинг, бир марта хизмат қилсам қилибман-да, – дедим пальтони қўлимдан қўймасдан.
Домла социалистик реализм методининг “реализм” деган қисмига қаттиқ риоя қилар экан чамаси, гапимга жавобан:
– Сиз унақа тарихни сохталаштирманг, – деди, – сиз ўқиган пайтда мен журналистика факультетида дарс бермаганман, так что, сизнинг устозингиз бўлолмайман.
– Дарс бермаган бўлсангиз ҳам, маънавий устозсиз. Хўп, денг, домла, савобдан бебаҳра қолмай, – дедим бўш келмасдан.
Хуллас, мулозамат талашиб, беш дақиқалар чамаси тортишдик. Охири домла бечора тинимсиз такаллуфларим қаршисида таслим бўлиб, қўлини пальтосининг енгига узатди, лекин нима учундир ҳадеганда кия олмади.
“Э, чёрт побери, енги қаёқда бу лаънати чопоннинг!” деб норози жаврай бошлади.
Бундоқ қарасам, қоронғида пайқамаган эканман, пальтонинг ўнг енги букилиб ичига қайрилиб қолган экан.
– Домла, кечирасиз, кўрмабман, – дедим хижолат тортиб ва хатомни тузатиб: – Мана, энди кийинг, – дедим.
Озод ака бир амаллаб пальтосини кийиб олди, кейин афсусланиб, бош чайқади.
– Э, хушомадниям эпласангиз қилинг-да, – деди ёлғондан қовоғини уйиб, – ҳайронман, хушомадни билмасдан туриб, қандай қилиб катта бир нашриётда бош муҳаррир бўлиб юрибсиз ўзи?
– Нима қилай, устозларим ўргатмаган-да, – дедим кулимсираб.
Домла гапимни эшитиб, ушбу байтни ўқиди:
Ҳар кимки ҳаётдан олмаса таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.
✍Хайриддин Султон
(“Навоий – 30” китобидан)
https://t.center/habibabdunazaar