ОГОҲЛАНТИРУВЧИ ТУШ Кунларнинг бирида бир кўзи кўрмайдиган фақир одам ҳасислиги билан донг таратган, қизғанчиқ одамдан бир коса қатиққа етадиган пул сўради. Ҳасис эса ҳалиги ғариб одамдан юзини терс буриб олди. Тиланчи яна сўради. Ҳасис уни яна ёнидан узоқлаштирди.
Ўша ерда турган кишилардан бир нечтаси йўқсилга пул узатишди, ёрдам бермоқчи бўлишди, бироқ у ҳеч биридан садақа олмади. Ҳалиги қизғанчиқнинг ёнига яна бир марта бориб сўради. Ҳасис эса унга ғазабнок боқиб:
- Шуни олгинда бу ердан туёғингни шиқиллат, - дегандек ёнига бир нечта танга ташлади.
Бу воқеадан оз фурсат ўтиб, ҳасис одам бир кеча туш кўрди. Тушида у жаннатда юрарди. Ҳар тарафи шундай кўзни қамаштирувчи манзаралардан ташкил топган эдики, у бундай гўзалликларни умрида кўрмаганди. Шу пайт очиққанини ҳис қилди. Унга бир коса қатиқ берилди. Одам эса бир коса қатиққа тўймай:
- Бу ерда қатиқдан бошқа ҳеч нарса йўқми? Қани энди бир-икки бурда нон ҳам берганингизда, - деди.
Унга шундай жавоб берилди:
- Сен бир неча кун аввал бу ерга фақатгина қатиқ жўнатдинг. У сенинг
ёнингга қўйилди. Агар бошқа нарсалар ҳам юборганингда эди, улар ҳам сенинг ёнингга қўйилар ва сенга икром қилинарди.
Бу тушдан сўнг ҳасис одам тамоман ўзгариб, қўли очиқ, саҳийга айланди. Ўзидан муҳтожни кўрса унга қўярда қўймай эҳсон берадиган ва ўзида борини бошқалар билан баҳам кўрадиган бўлди.
(Тасаввуфий ҳикоялар туркумидан) https://t.center/habibabdunazaar