ШОИР ЎЗИ КИМДИР?
Шоир ўзи кимдир? Ўйладим бир он,
Лаҳзада баҳору, лаҳзада исён...
Лаҳза бахтиёрдир, лаҳзада гирён...
Бирда ер-у бирда осмондир шоир!
Бисотида қиммат матоҳи дилдир,
Ишқ деган қисматнинг ҳукмига қулдир,
Бирда хазондир у, бир пасда гулдир...
Ошиқ кўнгулларга сарбондир шоир!
Бўғзида ханжардай ботган Сўзи бор,
Замоннинг кўксига ботган кўзи бор,
Ҳақиқат ўзини кўрган юзи бор,
Мудом эрк истаган даврондир шоир!
Бошига гар қилич келса баногоҳ,
Овозин бўғсалар аждар мисол гоҳ,
Самони титратар у чеккан бир оҳ,
Зулмга ўт қўйган замондир шоир!
Етмоқ истагани сўзнинг бир васли,
Мазҳаби ишқ унинг, ишқ унинг насли,
Бир бора туғилиб,бир ўлмас,асли
Жони кунда минг бор қурбондир шоир!
Гар ўзин истар ким, шоирда кўргай,
Ул дили саждагоҳ, зоирда кўргай,
Ўзин соғинса ким, шоирдан сўргай,
Қалами музаффар майдондир шоир!
Етмиш икки мингта томирдан оқиб,
Замон қўнғироғин бўйнига осиб,
Миллат байроғини кўксига босиб,
СЎЗни ортиб борар карвондир шоир!
✍🏼 Сайёра Самандар
@Samandarqush