Кабутарлар, баланд-баланд қанот қоқиб,
Ўксик диллар аҳволига кўкдан боқиб,
Ишқ аҳлининг юрагига чироқ ёқиб,
Мендан жами ошиқларга салом айтинг!
Шитоб билан тўрт томонга қараб учинг,
То энг сўнгги ошиқ қадар яраб учинг,
Дилларини қанотингиз билан қучинг,
Мендан жами ошиқларга салом айтинг!
Учинг, улуғ дардлар билан қутлаб келинг,
Малҳам бўлиб, юракларин бутлаб келинг,
Само оша оғриқларин ёдлаб келинг,
Мендан жами ошиқларга салом айтинг!
Менинг ҳолим сўрсалар гар, ул яхши денг,
Ошиқларнинг беозори, энг нақши денг,
Ишқнинг қадим йўлларида бир бахши денг,
Мендан жами ошиқларга салом айтинг!
Яна айтинг, сизнинг ишқда камлик бор денг,
Сайёранинг ишқин кўринг, ул ёнар денг,
У Сўз айтса, қақраб ётган ер қонар денг,
Мендан жами ошиқларга салом айтинг!
Елинг, менинг саломимни қучиб елинг,
Ҳар ошиққа бир ноламни ташаб келинг,
Ошиқларнинг ёнида бир яшаб келинг!
Мендан жами ошиқларга салом айтинг!
Ошиқларнинг ёнида бир яшаб кўринг...
Кабутарлар,
ошиқларга
салом айтинг!
@Samandarqush