Жиддада бўлган воқеаЧорраҳалардан бирида кичик юк машинаси ва енгил машина тўқнашиб кетди. Юк машина ҳайдовчиси суданлик, енгил машина эгаси саудиялик бўлиб, тўқнашув натижасида иккала машинага ҳам айтарли даражада зарар етмаганди.
Саудиялик жаҳл билан машинасидан тушиб, тўқнашув тўлиқ ўзининг хатоси натижасида бўлганига қарамай суданликни сўкиб, ҳақоратлаб, лаънатлаб, олдига борди-да, юзига тарсаки тортиб юборди. Зарбанинг кучлилигидан суданлик ҳайдовчининг кўзи чиқиб кетишига бир баҳя қолди. Лекин у "Сенга Аллоҳ кифоя қилсин. Ишимни унга топширдим. Мен сенинг ҳаққингда хато қилган бўлсам, Аллоҳнинг Ўзи мени ҳисоб-китоб қилсин. Агар менга зулм қилган бўлсанг, Аллоҳ сендан кечиктирмасдан, тезлик билан ўч олсин", дея олди холос...
Суданлик киши воқеанинг давомини ҳикоя қилади:
"У ердан кетдим. Ичимда бир олов ёнар, қайта-қайта "Ҳасбияллоҳ, ҳасбияллоҳ (менга Аллоҳ кифоя)" деб айтардим.
Бир неча кун ўтгач мол бозорига бориб, машинамни бир четга қўйдим. Шу пайт бир киши келиб, "Иккита қўйим бор. Анави кўчадаги ошхонага олиб бориб бермайсанми?" — деб сўраб қолди. Мен рози бўлдим. Қўйларни машинага юкладик, у ўзининг машинаси билан олдинга ўтиб, йўл кўрсатиб борди. Манзилга етгач қўлимни ушлади-да, "Мени танидингми?" деди. "Йўқ", дедим. У: "Мен сен билан машинада тўқнашиб кетган, юзингга урган кишиман", деди. Мен яна ўша кунгидек "У ишни ҳузурида ҳақлар зое бўлмайдиган Зотга (Аллоҳга) топширганман", деб жавоб бердим.
Шу вақт унинг кўзларига ёш келди: "Қанийди ўшанда менинг устимдан полиция ёки судга арз қилганингда... Ёки мени уриб қасосингни олганингда... Сен ишингни топширган Зот ўша воқеанинг эртасигаёқ мендан қасос олди: худди шу машинада автоҳалокатга учрадим, икки фарзандим, ўғлим ва қизим ҳалок бўлди. Аллоҳга қасамки, мен кўчаларни кезиб, кечирим сўраш, розилигингни олиш учун ўн беш кундан бери сени қидираман. Менга келган мусибатга сабр қилдим, буни қилган зулмим учун дунёда берилган жазо деб билдим. Лекин аниқ ишондимки, охиратдаги ҳисоб-китобдан қочиб қутулиб бўлмас экан. Мана мен олдингдаман. Сендан фақат бир нарсани сўрайман: мендан қасосингни ол, хоҳлаган ишингни қил, лекин мени кечир!"
Унинг ҳолатини, йиғлаётганини кўриб раҳмим келди. Унга: "Кечиримли киши ҳурматга сазовордир. Аллоҳ сени кечирсин, гуноҳларингни мағфират қилсин", дедим.
У кетди. Олдимдан узоқлашар экан, қайта-қайта "Аллоҳга қасамки, бундан кейин ҳеч қайси мусулмонга зулм қилмайман! Аллоҳга қасамки, бундан кейин ҳеч қайси мусулмонга зулм қилмайман!" — деб айтарди..."
Бу ҳаётда содир бўлган.
ХУЛОСА ШУКИ Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлинг. Одамларга озор бериб, "Табиатан шундай одамман", деб ўзингизни оқламанг.
Жим турган ҳар қандай киши жавоб қайтаришдан ожиз эмас. Шундай кишилар бўладики, қалби оғриётганлиги, агар гапирса, бу оғриқ янада кучайиб кетиши туфайли жим туради. Шундайлар бўладики, гапирган гапи фойда бермаслигини билгани учун ҳам сукут сақлайди. Яна шундай одамлар бўладики, бошқаларга зарар бериб қўймаслик учун ғазабланган вақтида сукут сақлайди.
@Akmal_Komiljonovich