Бир шоир аёл ҳақида
Жуда ҳарирлашиб қолди юрагим,
Анча хиралашди тасаввурларим,
Қара, ҳалимлашди қилич феълларим,
Совуқлашиб қолди кўксим қўрлари...
Азизим, мен кучли аёл эмасман!
Келиб кўр, озодман ишқинг сеҳридан,
Қара, қўлларимнинг бемажоллигин,
Ювилиб, йўқолди сенинг қаҳрингдан,
Гулжамолнинг гулжамоллиги...
Азизим, мен кучли аёл эмасман!!!
Эшитяпсанми мени, ҳис қиляпсанми,
Бекатсиз йўлларда пиёда келдим.
Қирқ йилки, ҳеч кимга суянганим йўқ,
Қирқ йилки, бир қўрқинч рўёда келдим.
Азизим, мен кучли аёл эмасман!!!
Жудаям бўм-бўшман, мени тўлдиргил
деб ҳечам айтмайман, тўлмоқчимасман!
Кучли аёл бўлиб туғилганим йўқ,
Кучли аёл бўлиб ўлмоқчимасман.
Азизим, мен кучли аёл эмасман!
Қимтиниб турмадим, ожиз бўлмадим,
Лекин, кимдир мени асраса дедим.
Нечун қўрғошин деб ўйлайсан мени,
Ахир менам бир гул бўлмоқчи эдим.
Тушунгил, мен кучли аёл эмасман!!!
Гулжамол Аскарова
@zahro_rajabova