Банкир бўлай десанг, “танка”нинг каттароғидан топиш керак, шекилли. 1-кейс. МY5 канали мухбири Рухсора Ғофурова Жиззахдаги банк ходимасининг фирибгарлиги юзасидан материал тайёрлаган. Журналистик суриштирув жараёнида банк ходимасининг фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, ўзлаштиргани тилга олинади. Қонунчиликка кўра, ОАВ матераилларида берилган хабар асосида бундай вазиятда жиноят иши қўзғатилиши керак. Бироқ банк ходимасининг аризасига кўра Рухсора Ғофурованинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.
“Эмишки, журналист банк ходимасининг шаън ва қадр-қимматини камситибди ҳамда унинг жинояти ҳақида хабар бериб, қонунбузарлик содир этибди. Ҳужжатлардан кўринишича, банк ходимасининг ўзга шахслар номига олинган кредитининг бир қисмини унинг
эри — Олий суд судяси Шарофиддин Болиев ўз пластик картаси орқали тўлаб келган. Судя бу қонунбузарликдан хабардор бўлган ва қонунбузар аёлини ҳимоя қилган. Катта эҳтимол билан журналистга ҳужум ортида ҳам жанобнинг ўзлари турибди”, деб
ёзмоқда ҳолат юзасидан инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов.
2-кейс. Буниси кичикроқ, аммо бунда ҳам ўз вазифасини бажармаганлар жазодан қочишмоқда. Миллий банкнинг ҳудудий бўлимларидан бирида муаммоли кредитларни ундириш учун ходимлардан тўрт нафари қарздорлиги бор фуқаролар билан ишлашга юборилади. Ходимлар эса иш вақтида “муаммо ўрганиш”ни яқин-атрофдаги “плейстейшн”дан бошлашган. Орадан бироз ўтиб худди шу ўйин клубига ўша банкнинг бўлим бошлиғи ўринбосари билан келиб, улар ҳам бир соатлик “ўрганиш” ўтказишади. Якунда эса ўша муаммоли кредитлар билан ишлашга чиқарилган шоввоз тўртликка рўбарў бўлишади. Бу ерда ҳокимликнинг нима алоқаси бор, дерсиз? Гап шундаки, қўлга тушган ходимлардан бирининг аввал
маҳаллий ҳокимликда ишлаган қариндоши бор экан. Ҳайфсан олишини билиб, маоши кесилишидан қўрққан жиян ҳокимликдаги танишларидан фойдаланиб, ҳайфсандан қутулиб қолишга уринган.
Агар қонунлар ишламайдиган бўлса, унда жамиятда “синиқ дераза”лар ортаверади. Бунга кўп қолмагандек, чамаси.