8 январь — Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон туғилган кун
ОТА ЎГИТИ
Ҳар битта сўз — сувдек азиз,
Ҳар битта сўз — нондек увол.
Тил бойлигин боғ деб билсак,
Ҳар битта сўз — битта ниҳол.
Бирон сўзни исроф қилмоқ
Бир кўчатни юлмоқликдир.
Бора-бора, отамерос –
Боғни хароб қилмокликдир.
Э болам, ёт юртга борсанг,
Не аталур элинг, дерлар.
Қай миллатнинг вакилисан,
Борми она тилинг, дерлар.
Шунда, менинг қутлуғ тилим –
Навоийнинг шеъри, дегил.
Юртим — Улуғбегу Бобур,
Амир Темур ери, дегил.
Айт ғурур-ла Берунийлар,
Фарғонийлар аждодим, деб.
Кошғарийлар дарсин тинглаб,
Ўткирланган саводим, деб.
Мақтанма ҳеч қиммат кийим,
Олтинлару қасринг билан.
Фахр эт доим қудратли юрт,
Бой тил, насаб-наслинг билан.
Обрўйингни баланд тутмоқ,
Э болам, ўз қўлингдадир.
Сенинг оламдаги нархинг
Ватан, миллат, тилингдадир.
Анвар Обиджон
Бизни кузатиб боринг: Telegram|
Facebook |
web-sayt