Шамс Табризий ҳикматларидан: 1-қоида. Худони қандай сўз ва сифатда кўриш бизнинг кимлигимиз ва қандайлигимизни англатади. Уни эслаганда кўнглимизга қўрқув келса, ичимизда катта қўрқув бор. Худо деганда меҳр, муҳаббат, шафқатни ҳис қиляпмизми, демак ана шу ёруғ туйғулар ўзимизда ҳам мавжуд. 2-қоида. Ҳақ йўлида юрмоқ юрак ишидир, ақл иши эмас. 3-қоида. Қуръон тўрт босқичда ўқилади. 1-зоҳирий маъно. 2-ботиний маъно. 3-ботиннинг ботини. 4-чуқурлиги калималарга сиғмас даражадаги маъно. 4-қоида. Борлиқдаги ҳар заррада Аллоҳ бор. У масжидда, монастирда эмас, ҳар қачон, ҳар ердадир.Ким уни борлиқдан топа олса, доимо у билан биргадир. 5-қоида. Ақл кимёси ва ишқ кимёси бир эмас. Бошқа-бошқадир. Ақл осонликча йиқилмайди. Ишқ эса парвона каби ўзини ўтга-чўққа отади, арзон қилади ва хароб бўлади. Ҳолбуки, хазиналар харобалар ичидадир. Неки бўлса, хароб кўнгилда бордир. 6-қоида. Ҳаётдаги кураш, айблаш ва хусуматлар асосан тилдан келади. Сен сен бўл, ўзинг бўл, айтилаётган ортиқча сўз ва калималарга аҳамият берма. Зотан, ишқ диёрида тил ўз ҳукмини йўқотади. Ошиқ тилсиз бўлади. 7-қоида. Ёлғизликда, ўзинг билан қолиб, ўз қалбинг садосини эшитиш орқали ҳақиқатни кашф эта олмайсан. Ўзингни фақат бошқа бировнинг қалб ойнасидагина тўлиқ кўра олишинг мумкин. 8-қоида. Бошинга не келса келсин, умидсиз бўлма. Ҳамма эшиклар ёпилса-да, барибир У сенга ҳеч ким билмаган ердан сирли бир сўқмоқни, чиқиш йўлини кўрсатади. Сен уни шу онда кўролмайсан, англа, синовлар орқасида қанчалаб жаннат боғлари турибди. Шукр қил! Истаганига эришиш орқали шукр қилмоқ осондир. Сўфий ким, улар тилаги амалга ошмаса-да, шукр қила олганлардир. 9-қоида. Сабрли бўлиш фақатгина кутиб ўтириш дегани эмас, узоқни, келажакни кўра олишдир. Сабр нима? Тиканга боқиб гулни, кечага боқиб кундузни кўра олиш. Аллоҳ ошиқлари сабрни гул шакари каби тотли-тотли шимади, ҳазм қилади. Ва биладики, кўкдаги ҳилолнинг тўлинойга айланиши учун замон керак. 10-қоида. Қайси тарафга кетсанг ҳам – шарқ, ғарб, жануб, шимол – бу йўлчиликни ўз ичинга саёҳат деб қабул қил. Ўз қалбига саёҳат қилган кишининг, ниҳоят, бир куни Аршга ҳам қадами етади. Муҳаббат ТЎХТАШЕВА турк тилидан таржима қилди.
Ясмина Омар Мун ижросидаги “ХАЛФАНА” (халқ тилида “Нозанин”) номли мумтоз ашулани тинглаб, ўзбек миллий саньатида ўзига хос яна бир ЯНГИ ОВОЗ етишиб чиқаётганидан хурсанд бўлдим. Ясминахон ижросидаги бошқа мумтоз ашулалар ҳам бизга жуда ёқади. Овозида шира бор.Ижро давомида мумтоз сўзлар тингловчига аниқ етиб боради, устозлари ўргатган мусиқий усул ва матндаги сўзларни тиниқ чиқариб бера олиш қобилияти жуда кучли экан, бу қизда… Шундай иқтидорли ёш мақом ижрочиларини етказиб бераётган барча УЛУҒ УСТОЗ САНЬАТКОРЛАРИМИЗга минг ташаккурлар бўлсин, дегим келди. Мумтоз ашулаларни маромига етказиб ижро қилаётган ёш мақомчи қизимиз ЯСМИНА ОМАР МУНга эса бундан кейин ҳам устозлари кўмагида саньат оламида ўзига хос соҳир овоз соҳибаси бўлиб етишишига тилакдошмиз… Имомқул НУРИНОВ, Гулистон шаҳри
Bolaligim - kovushlari toʻzgan bola, Qoq kechada halovatim buzgan bola. Eshigimdan moʻltiraysan, kir, jonim, ayt, Qizim meni sogʻingandir, toʻxtagin...qayt... Mana libos, koʻylagingda rang qolmabdi, Onamga ayt, choʻntagingga qand solmabdi. Yuvinib ol, mana sochiq, vannaga yur, Soddasan-ey, qishloq qizi sen tushmagur. Uf, sen yana ketar boʻlib pitirlaysan, Gaplarimga quloq berib oʻtirmaysan. Onamga ayt, yaxshi degin bayonimni, Imtihonlar olgan hozir xayolimni. Goʻdagimni sogʻinaman tunlar choʻkib, Bir oʻpolmay oʻkinaman koʻzyosh toʻkib. Menga qara, nega hech bir soʻzlamaysan, Boshing egik, shashting yoʻqdek yuzlanmaysan. Men bilaman, qoʻy, yigʻlama, bolaligim, Adirlarda soʻlib qolgan lolaligim. Ishq yoʻliga erta oʻtib quchogʻingdan, Gurlab-gurlab yonolmadim oʻchogʻingda. Kel, tashlaylik oʻrtadagi adovatni, Hal qilaylik bahamjihat, adolatli. Erta turib sen erkatoy qizimga bor, Bijildogʻim, shirin-asal soʻzimga bor. Qoʻllaridan yetaklagin, aldam-qaldam, Kechalari alla aytib qoʻlla har dam. Har bir kuni bayram boʻlsin goʻdagimning, Bolaligi jayron boʻlsin goʻdagimning. Men borganda oʻynab chiqing, oʻpib toʻyay, Kissangizga popukqandlar solib qoʻyay. Xoʻp, sen endi boraqolgin, azon ham oʻng, Meni soʻrsa kelar degin fevraldan soʻng. Bolaligim - kovushlari toʻzgan bola...
Агар ҳали ҳам ғазабланаётган бўлсанг, демак ўзинг билан бўлган курашинг тамом бўлмабди.
Агар ҳали ҳам хафа бўлаётган бўлсанг, демак кўнгил уйингни ғиштлари мустаҳкам бўлмабди.
Агар ҳали ҳам (бировларни) айблаётган бўлсанг, демак фикрларинг етарлича тиниқлашмабди.
Агар ҳали ҳам эвазсиз севолмаётган ва севгингда ажратаётган бўлсанг, демак ҳали ҳам ақл ва мантиғингни қўллаб, ичингдаги севгининг камол топишига тўсқинлик қилмоқдасан.
Агар ҳали ҳам "мен" демоқдан воз кечолмаётган бўлсанг, демак тизгинларинг ҳали ҳам нафсингни қўлида ва сен бу тутқунликга бўйин эгмоқдасан.
Агар ҳали ҳам мусибатлардан ғамгин бўлаётган бўлсанг, демак асл моҳиятни англаб етмабсан.
Aгар ҳали ҳам шикоят қилаётган бўлсанг, демак ҳақиқатни кўролмаяпсан...