#Darding_meninig_dardimdirДардинг менинг дардимдир
(2-қисм)
—Олинг, бу фақат менинг боламми? Уйимдан орттириб келибманми? Сиз ҳам қаранг, бундоқ ота бўлиб!
Бола биғиллар, сочларига тароқ тегмаганига анча бўлган ёшгина рангпар Малика уни беҳол кўтариб турар, эркак эса ўшқирарди. Аёл асабий тарзда оғзига келган сўзни қайтармас, эркак ҳам ундан қолишмасди. Охири Маҳмуд хотинига бир тарсаки туширди. Аёл боласини қучганча ерга чўккалаб қолди.
—Номард!
— Ҳа, мен шунақаман. Бор, мардини топиб тегиб ол!
— Кетаман!
—Катта кўча!
Малика уйга кирди. Боласининг кийимларини йиғиштирди, ўзининг ҳам бир-иккита кўйлагини сумкасига солиб, уйдан чиқди. Остонада жанжални эшитиб югуриб келаётган қайнонасига дуч келди.
—Ҳой, ўзингизни босинг, болани менга беринг!—деди қайнонаси.
—Эндими? Уни бир соат боқишдингизми? Бир марта қўлингизга олдингизми ўзи? Йўлимдан қочинг, ҳаммаси жонимга тегди! —деди келинчак сўнг қайнонаси эгаллаб турган эшикдан уни итариб чиқиб кетди.
Кўзда ёш билан боласини қучоқлаб кетиб бораркан, кўнглининг бир четида хато қилаётганлигини сезарди.
Осмон қоп-қора, булут ёпирилиб келар, қишлоқ итлари тинимсиз ҳурар, ғазаб кўзларини кўр қилган аёл қўрқувни ҳис қилмай ота уйи томон кетиб борарди.
***
—Ойи, кўзи қаттиқ экан, уялмасдан бошдан оёқ қараб
чиқди, —деди қиз учрашувдан келгач. Йигит ёқмади, хуллас.. Кўзи қўрқинчли.
— Сенга шунақа туюлган.
Саломатхон гапини тугатмасидан телефон жиринглади.
—У ёқ томон! Кейин дарҳол гўшакни кўтарди.
—Ассалому алайкум, Зарнигорхон, яхши етиб олдингларми? Ҳа, ҳали йўлдамисизлар. Майли, ман ҳали қизим билан гаплашмадим. Бир сўраб кўрай, дадаси билан маслаҳатлашайлик, кечроқ айтамиз жавобини.
—Йигитга жудаям ёқиб қолибсан, уйга етиб боришга сабри етмай қўнғироқ қилишибди, —мамнун жилмайди онаси.
—Менга, умуман, ёқмади ойи, кўнглим музлаб ғалати бўлдим.
Йўқ деб юборинг!
—Даданг келсинлар-чи?
—Ойи, ман, барибир, унга тегмайман. Дадамга қизингизга ёқмабди денг!
Хуршида ойисига қатъий қилиб берган жавобидан сўнг юрагига бир ғашлик ўрнашиб қолди. Йигит унга тикилиб қолгани рост, аммо ўзи ҳам сал ошириб юборди. Нима қилсин ахир, Закариё акаси шундай деб ўргатган бўлса.
У Закариёга икки йилдан буён уйига совчи келаётганлигини айтади. "Сал шошма, синглимни узатиб олайлик!" Синглиси ҳам эрга тега қолмайди. Ўзи эса уйидагиларга "йигити" борлигини айтгани юраги бетламайди. Онаси ниманидир сезади.
—Ҳой қиз, кўзингга қара, бир-биридан яхши жойлардан қуруқ қоляпмиз.
Хуршиданинг қулоғи кар, кўзи кўр! Закариё совчи жўната қолса, ҳаммасидан қутуларди. Совчилардан ҳам. Бемаъни учрашувлардан ҳам. Кейинги пайтларда Хуршида шу йигит билан гаплашиб юрган беш йилига ачина бошлади. Негадир, охири кўринмасди бу йўлни.
Энди ҳаммасига нуқта қўяман деганида йигит алламбало совғалар келтирар, ёки кўнглига хуш ёқадиган сўзлар айтар, Хуршида яна унинг домига илинарди. Барибир севарди шу йигитни.
—Мана шуниси-охиргиси! Тегса ҳам, тегмаса ҳам шунга бераман.
Манга қара, шу жой манга маъқул, билдингми? Қизингни кўндир! Дадасининг талаби шундай бўлди.
Бу келаётган совчилар чиндан ҳам кўнгилдагидек эди. Таг-зотли, бой-бадавлат, бола ўқимишли, қайнона-қайнотанинг юзлари офтобли.
Йигит билан учрашувга чиққан Хуршида унинг ақлли, оғир-босиқ, ўта хушмуомала эканлигини билгач, бир зум бўлса ҳам тўпори Закариёни унутгандек бўлди.
Ўзини яхши жойда, тўкин хонадонда яшашини тасаввур қилиб розилик бермоққа шайланди.
У уйига катта-катта япроқлар билан безак берилган голланд атиргулларини кўтариб кириб келганида деярли бир қарорга келиб бўлган эди.
"Шу йигитга тегаман! Закариё уйланса, шу пайтгача уйланарди. Ҳар сафар алдайди. Менга уйланиш нияти бўлганида лоақал бир марта онасини совчиликка жўнатарди!" У энди у билан гаплашиб юрганига ачинаётган, ўзини ич-ичидан хиёнаткордек ҳис қилаётган эди.
Кечқурун Закариёга хабар ёзди.
"Закариё ака, шунча кутдим совчи жўнатишингизни. Кўп жойларни рад этдим, биласиз. Энди орамиз очиқ. Мен турмушга чиқяпман. Илтимос, бошқа қўнғироқ қилманг, ҳаммасини унутинг"
(давоми бор)
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21https://t.center/ijod_sehri21