Умид
Мактабга олти ёшимда чиққанман. Маҳалладаги ўртоғимдан қолиб кетмаслик учун йиғлайверганман, ноилож адам раҳматлик гаплашиб, мактабга жойлаб келгандилар. Энди-энди биламанки, орадаги бир ёш ҳам муҳим экан. Дарсларни ўзлаштиришда қийналмаган бўлсамда, дугоналарим билан бўладиган мулоқотларда қийналганман, улар гаплашадиган мавзуларга унчалик тушунмасдим. Барибир, кичиклигим панд берар эди. Бунинг устига жудаям эркатой бўлганман. Кўп касал бўлардим, шунданми, ота-онам бошқа фарзандларига нисбатан кўпроқ авайлар эдилар. Отам раҳматлик уришиш у ёқда турсин, овозини баланд кўтариб гапирган одам эмасди. Ҳамиша эркалаб, (кап-катта бўлганимдаям) меҳр билан парваришлаб, жудаям хушмуомилалик билан, оғзимдан чиққанини муҳайё қилиб катта қилгандилар.
Уйда умуман оғир гап эшитмаганим учунми бегоналарнинг бир оғиз ёмон гапига мазам бўлмай қоларди. Аниқ эсимда. Қўлларимдан етаклаб Низомий номидаги педагогика институтига олиб келганлари. Талаба бўлганман, аммо институт остонасида туриб қалтиряпман. "Ўқишга кирмайман, Турбатга қайтиб кетаман",—дейман.
Дилфуза опам ҳам шу институтда 3-курсда ўқир эдилар. Танаффус бўлиб талабалар орасида опам кўриндилар. Биз билан саломлашиб бўлгач, ўртоқлари билан ҳазиллашиб, битта дугоналарини қувлаб, хуш-хандон зинадан юқорига кўтарилиб кетдилар.
—Ана, опангни кўрдингми? Эртага сен ҳам ўрганиб кетасан! Овутадилар отам бечора. Машинада йиғлаб ўтирганман "Кетиб қоласиз", —деб
Нимага одамлардан бунчалик қўрққанман, ҳалиям тушунмайман. Доим ёмон гап эшитиб қолишдан қўрқиб яшадим. Мана энди-энди танқидларга чидамли бўлдим, ҳаётда ҳамма ҳам хато қилишини , кейин қилган хатосини тузатиб яшашини ўргандим. Кўп нарсалар армон энди. Мен ҳар доим отамни соғиниб яшаганман (ёнларида туриб ҳам соғинаверардим). Отамнинг вафотидан кейин олтита фарзанд ҳаммамиз касал бўлиб қолдик.
Ўшанда илк бор институт остонасидан кириб кетаётанимда ўгирилиб қарасам, отам кулиб қараб турган эканлар.
Бугун қўрқсам, қийналиб қолиб ортимга қарасам, ҳеч ким йўқ...
Аллоҳнинг буюк инояти билан Жаннатга кирсам, иншааллоҳ, биринчи бўлиб отамни кўргани бораман. Кейин ҳечам ёнларидан кетмайман. Энди шу умид билан яшаяпман.
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21
https://t.center/ijod_sehri21