АКШга кўчиш (давоми) Пало Альтода топган уй контрактига қўл қўядиган куним яна бир бор бориб келишга қарор қилдим. Калифорнияда анчадан бери яшайдиган дўстим, Ғулом акадан бирга боришни сўрадим. У жойга дарсдан тушлик танаффуси вақтида йўл олдик. Борганимизда поезднинг баланд сигнали эшитилди. Ғулом ака: "Бу жой бўлмайди, олдидан поезд ўтади ва айнан шу ерда баланд сигнал беради", деб маслаҳат бердилар. Шу билан битта ҳовлили уй варианти бекор бўлди.
Яна бир вариантим бор эди: у Стэнфордда мен билан бирга ўқийдиган, асли Беларуссиялик Максим турадиган уй мажмуаси эди. Бу уй Вест Менло Паркда жойлашган бўлиб, ҳовлили уй бўлмагани учун резервда турарди. Ғулом ака бу жойни яхши биладилар экан: "Жуда яхши район, шу ерни олардим", дедилар. Мен ҳам уй қидиришдан чарчаган эдим ва шу уйни танлашга қарор қилдим. Максимнинг тавсияси туфайли лендлорд тез рози бўлди. Минимал аренда муддати бир йил қилиб белгиланди.
Олган уйимизда электр ва газ учун тўлов арендага кирмас эди, шунинг учун
PG&E компанияси билан шартнома туздим. Бундан ташқари, арендага олувчи
renter’s insurance сотиб олиши керак экан. Бу суғурта уйга етказилиши мумкин бўлган зарар ёки ўғирланиш ҳолатида ҳимоя қилиши учун керак.
Квартирамизни жой эгаси кўчиб киришимиздан икки кун олдин деворларни янгидан бўяб берди. Уй тоза ҳолда топширилди, ҳатто шифтдаги чироқларсиз.
Кўчиб келганимизда биринчи ишларимиз фарзандларни мактабга жойлаштириш бўлди. Мактабга жойлаштириш нисбатан осон бўлса-да, талаблари кўп экан. Асосий талаблардан бири — иммунизация (вакцинация). Бизда қилинмаган икки вакцина олишимиз керак бўлди. Вакцина олиш учун клиникада рўйхатдан ўтиш ва вақт белгилаш керак эди. Биз 10 кундан кейинги кунларга ёзила олдик. Тошкентда 2-3 марта телефон қилиб бир кунда битадиган ишлар бу ерда 10-15 кун олади. Таниш-билиш деган нарсалар бу ерда ишламас экан. Хулоса қилиб айтганда, мактаб тизимини тушунишимизга бир ой вақт кетди.
Кўчиб келганимизнинг биринчи ойи мен учун нисбатан стрессли ўтди: янги жараёнлар, янги ҳаёт тартиби ва янги компаниям бўйича кўп саволлар туғилди. Кундузи стартапим бўйича акселерация дастурида ўқир ва иш билан шуғулланар эдим. Кечки пайт эса Amazon орқали буюртма қилинган мебелларни йиғиш билан машғул бўлардик.
@paiziev24