Бағдодми ёки Боғдод?
Бу топонимни ёзишда кўп хато қилинади. Хўш,
аслида қандай ёзган тўғри?
Ироқ пойтахти
Бағдод номи узоқ тарихга эга. Бу ном милоддан олдинги IX асрларга оид оссурий миххатларида учрайди. Бағдод шаҳри ўрнида қадимдан одамлар яшаб келган.
Бағдод топонимининг келиб чиқиши ҳақида ҳар хил қарашлар бор. Википедияга
кўра, у ўрта форс тилидаги
боғ ва
дод сўзларидан олинган бўлиб,
Худо берган, Худонинг инъоми маъносини англатади. Қадимги форс тилида
боғ сўзи Худони англатган. Бу сўз славянчада
бог, ҳиндчада
бҳаг кўринишига эга бўлган.
Боғ сўзи қатнашган бошқа тонимлар ҳам бор. Афғонистондаги Боғлон ва Баграм, Эрондаги Боғшан, Грузиядаги Багдати шаҳарлари номида катта эҳтимол билан ана шу
боғ сўзи қатнашган.
Бошқа бир камроқ тарқалган вариант ҳам бор:
боғ – боғ,
дод – берилган.
Яъни совға қилинган, инъом этилган боғ маъносида.
Ҳозирги Бағдод шаҳрига VIII асрда аббосий халифа Абу Жаъфар Мансур асос солган. У шаҳарни
Мадинатус Салом – тинчлик шаҳри деб атайди. Бироқ оддий одамлар шаҳарни шу жойларнинг эски номи билан аташда давом этади. XI асрга келиб Бағдод шаҳарнинг асосий номига айланади.
Шаҳар номи форс тилидан араб тилига ўтган ва товуш ўзгаришларига учраган. Ўзбек тилига арабчадан кирган.
Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг маркази ҳам
Бағдод деб аталади. Бағдод шаҳарчаси 1894–1962 йилларда Серово деб номланган. Маҳаллий халқ, асосан ёши катталар орасида шаҳарчани баъзан шундай аташ ҳозир ҳам учраб туради.
Миллий энциклопедияда ҳам, энциклопедик луғатда ҳам Ироқ пойтахти ва Фарғонадаги туман номи
Бағдод шаклида берилган.
📌 Демак:
Бағдод шаҳри, Бағдод шаҳарчаси,
Бағдод тумани ✅
Боғдод шаҳри, Боғдод шаҳарчаси, Боғдод тумани
❌
@oriftolib