Аслида: вергул керакми ёки йўқ?
Имлоси жуда чалкаштирадиган сўзлардан бири ана шу
аслида сўзи бўлади. Изоҳли луғатда берилган мисолларда ҳам бир ўринда вергул ишлатилган, бошқа жойда эса йўқ
😬.
Хўш, ўзи вергул керакми ёки йўқ?
Буни аниқлаш учун олдин сўзнинг маънолари билан танишиб чиқамиз.
Аслида уч хил маънони ифодалайди:
1️⃣ Ҳақиқат эътибори билан; асли.
Молларни биз сотаётганимиз билан дўкон аслида бошқа кишиники.
2️⃣ Одатга кўра, табиатан; асли.
Отахон аслида телевизорни кам кўради.
3️⃣ Модал сўз вазифасида келади. Бунда фикрнинг тўғрилигини билдиради.
Аслида, бу масалага чуқур ёндашиш керак эди...
📌 Демак, муаллиф
ўз гапига муносабат билдиргандагина аслида сўзи билан вергул
ишлатиш керак. Модал сўз сўзловчининг ўз фикрига муносабатини англатганда кириш сўз ҳисобланади. Кириш сўз гап бошида ўзидан кейин, гап ичида икки томондан, гап охирида ўзидан олдин
вергул талаб қилади:
Бу масалага, аслида, чуқур ёндашиш керак эди...
Бу масалага чуқур ёндашиш керак эди, аслида...
Қолган ўринларда вергул
ишлатмаслик зарур.
Аслида сўзи кириш сўз бўлиб келганда уни
аслини олганда бирикмаси билан алмашириш мумкин. Юқорида биринчи ва иккинчи шарҳда келтирилган мисолларда ҳам
аслида сўзини шу маънода ишлатмоқчи бўлсангиз, вергул қўйишингиз мумкин. Бу вергул ишқибозлари учун, албатта
😏. Мен вергул ишлатмаслик тарафдориман.
Аслида сўзи
ҳақиқат эътибори билан, одатга кўра, табиатан, асли маъноларини ифодаласа, шу сўзларни унинг ўрнига қўйиб кўрганда маъно йўқолмаса,
вергул ишлатманг.
@oriftolib