Муҳокамаларнинг “севимли” саволи: “sentabr”ми ёки “sentyabr”?
#Сўраган_эдингиз
Савол:
1-синф “Ўқиш ва она тили саводхонлиги” китобида
sentyabr, oktyabr деб ёзилган экан. 2-синфларни ўқитаётган шеригим шу қоида бўйича
sentyabr деб ёзилишга ўтган деб ўқувчиларига шундай ёздирибди. Шу тўғрими? Қачон ўзгариб улгурди? Муаллифлардан аниқ жавоб кутамиз, чунки аниқлик киритилмаса, ҳамма ҳар хил талқинда ёзяпти.
Жавоб:
Бу саволга олдин ҳам тўхталганмиз, оммавий ахборот воситаларида алоҳида
чиқишлар ҳам қилинган. Луғатларимизда турлича берилган сўзлар булар билангина чекланмайди. Дарсликлар таҳририда ва имлосида эса якдиллик керак. Савол ва танқидларимизга “алифбо ислоҳ қилинса, бу хатоликлар ҳам тузатилади” деган мазмунда расмий
жавоб берилди. Қайси луғатдан фойдаланиш масаласи эса очиқ қолдирилди.
Дарсликларда бу сўз хилма-хил ёзилаётгани танқидларга
кўп учраган. Ягона имло услубини қўллаш, чалкашликларнинг олдини олиш учун янги дарсликларни нашрга тайёрлашда 2013 йили “Академнашр” нашриётида чоп этилган имло луғатига асосланилди. Бу луғат 85 000 дан ортиқ сўзни ўз ичига олади. Унда саволда сўралган сўз
sentyabr кўринишида берилган. Нега бундай ёзилаётганига муаллифлар луғатнинг кириш қисмида тўхталиб ўтган.
Нима учун сўзни
sentabr шаклида берган луғатдан фойдаланилмади? 1995 йили “Ўқитувчи” нашриётида чоп этилган луғатда сўзлар анчагина кам. Ҳатто
kompyuter сўзи ҳам киритилмаган. Қайта нашрларда бу сўзга жой берилган бўлса-да, дарсликларда учрайдиган жуда кўп сўз ва атамалар ушбу луғатда акс этмаган.
Яна бир хато қараш бор: кўпчилик 1995 йилги луғатни Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган деб ўйлайди. Вазирлар Маҳкамаси имло қоидаларини тасдиқлаган, луғатни эмас.
❗️ Гарчи
sentabr, oktabr шакли ҳам хато бўлмаса-да, турфахиллик юзага келмаслиги учун
sentyabr, oktyabr шаклида ёзиш ва ўргатиш тавсия этилади. Бундан бошқа баҳсли сўзларни беришда ҳам барча дарсликларда бир хил имло услуби қўлланяпти.
Имло ва луғатлардаги камчиликларни тузатишга масъул бўлган ташкилот ҳамда муассасалар шу ва шу каби масалаларга тезроқ нуқта қўйса, қатъий, мантиқли қарор қабул қилса, кун тартибидан тушмайдиган бундай саволларга ҳам барҳам бериларди.
Республика таълим маркази айни вазиятда энг асосли деб топилган ечимлардан фойдаланяпти.
Ориф Толиб,
Республика таълим маркази мутахассиси
@oriftolib