Муносабат ва очиқ қолган савол
Имло луғатларида баъзи сўзларнинг ёзилишида фарқлар борлиги, бу китоблар, дарсликлар, қўлланмалар чоп этишда, электрон ва босма нашрларда хилмахилликларни, чалкашликларни туғдираётгани ҳақида “Дарё” нашрида
ёзган эдим. Ушбу мақолага Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти бўлим мудири, филология фанлари доктори, профессор
Ёрқин Одилов муносабат
билдирибди.
Муносабат Давлат тилини ривожлантириш департаменти сайтида эълон қилинган:
«“Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари” яратилган вақтда қайсидир сабаблар билан бир қатор сўзлар:
sentabr, oktabr, aluminiy, budjet, dirijor, dujina, duym, glukoza, kastrul, kastum, lustra, miniatura, parashut, regulator, rejissor, verstka тарзида берилган. Ваҳоланки, ушбу ва яна шу каби бошқа сўзларни
ҳеч бир ўзбек бундай талаффуз қилмайди, қилолмайди. Шунинг учун ҳам ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтида тайёрланган ва 2013 йилда чоп қилинган “Ўзбек тилининг имло луғати”да кирилл ёзувидаги барча “ёлашган” унлили сўзларнинг имлоси бир хиллаштирилган. Яъни sentyabr, oktyabr, byudjet, syujet, batalyon, pochtalyon, obyеkt, subyеkt тарзида берилган.
1995 йилдаги луғатда эса “ёлашган” унлили сўзларнинг айримлари “y” ҳарфи орттирилиб ёки орттирилмай берилган. Айни сўзларнинг ёзилишидаги ҳар хиллик имлони ўзлаштиришда мураккабликларни келтириб чиқариши табиий. 2013 йилги луғатда дастлабки тажриба сифатида шундай йўл тутилган ва бу тажриба кейинги йилларда нашр иши, иш юритиш билан боғлиқ бошқа соҳалар вакиллари томонидан ҳам маъқулланди. ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтида тайёрланган ва янгидан тасдиқланиши режалаштирилган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”да бу каби ижобий тузатишлар ўз аксини топган. Эслатиш лозимки, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси”нинг такомиллаштирилган варианти тасдиқлангандан кейин имло қоидалари ҳам шу тарзда мукаммаллаштирилади. Алифбо тасдиқланмай туриб, буни ҳал қилиб бўлмайди.»
Иқтибос тугади.
Хўп, бу муносабатдан бир нарса аниқ бўлди: имлодаги хилмахилликлар алифбо ислоҳ қилинмагунча ҳал бўлмас экан. Лекин унгача ҳам яшаш керак-ку. Унгача дарслик ва қўлланмаларда қайси луғатдан фойдаланиш керак?
Савол ҳалиям очиқ.
Айтганча, муносабатда санаб ўтилган
sentabr, oktabr, aluminiy, budjet, dirijor, dujina, duym, glukoza, kastrul, kastum, lustra, miniatura, parashut, regulator, rejissor, verstka сўзларини ҳеч бир ўзбек бундай талаффуз қилмайди дейиш анчагина баҳсли, менимча. Орасида айнан шундай талаффуз қилинадиганлари ҳам бор. Масалан,
dirijor, kastrul, parashut каби сўзларни рус тили таъсирига тушмаган ўзбек худди ёзилганидек талаффуз қилади. Русча таъсирида тилини бураб талаффуз қиладиганлар эса алоҳида тоифа. Улар ҳатто ундошларни ҳам худди русчадагидай юмшатиб айта олади.
Ҳай, бу асосий гап эмас. Ёлашган унлиларни
y орттириб ёзишга чидаш мумкин.
Имло борасида ваколатли ташкилот қайси ўзи? Қисқа, лўнда, икки оғизгина йўлланма-кўрсатма берсин:
“Алифбо ва имло қоидалари ислоҳ бўлгунча фалон луғатдан фойдаланиш тавсия этилади”. Тамом.
Майли, омон бўлсак, кўрармиз. Кўрсатмаям бериб қолишар.
@oriftolib