ТЎРТЛИКЛАР
Изғирин чўчитган гулга соқчиман…
Чироғи узилган йўлга соқчиман...
Менга дашномларинг бас айла, нодўст,
Сенга ўхшамасдан яшамоқчиман...
* * *
(“Сиз... Сен... У...” туркумидан)
Кимлар учун ойлар сачради,
Кимларга хуш “вой”лар сачради...
...От чоптириб ўтаркан КИБР,
Менга эса лойлар сачради...
* * *
Осмонимда моҳ ёлғиз…
Юрагимда «оҳ» ёлғиз...
Ёлғиз билмангиз мени,
Кўксимда Оллоҳ ёлғиз...
* * *
Саёз қалб тубида дур бўлмас эмиш…
Бетавфиқ юзида нур бўлмас эмиш...
Балки зари бўлар, зўри бўлар-у,
Нодон – хато қули, ҳур бўлмас эмиш...
* * *
(«Сиз... Сен... У...» туркумидан)
Йўлда бир кимса-ку, минг фириб борар…
Чўзилган ҳар шохни синдириб борар...
Алҳазар, бийлатмай фаришталарни,
Елкага шайтонни миндириб борар...
* * *
Чарчатмангиз – орзу бу ҳаёт…
Чўчитмангиз – оҳу бу ҳаёт...
Пок йўлларин айланг ихтиёр...
Йўқса, бўлгай оғу бу ҳаёт...
* * *
Ватанларнинг нурланиши – шеър...
Миллатларнинг ҳурланиши – шеър...
Ўқиб-ўқиб, англадим яна:
Юракларнинг тирналиши – шеър...
* * *
О, бу бош сохтамас, аслга интиқ...
О, бу ёш сершиддат наслга интиқ...
Қишнинг булутлари ортида қолиб,
Қуёш инқилобий фаслга интиқ...
1998 йил.
@Gulchehra Nurullaeva
Instagram
YouTube
Facebook