ҚУЙИДАГИ САТРЛАР ЁЗИЛГАНИГА 109 ЙИЛ БЎЛИБДИ. ЎҚИБ КЎРИНГЧИ, ЯХШИ КЎРГАН НАРСАЛАРИМИЗДА ОЗГИНА ЎЗГАРИШ БЎЛДИМИКАН?!
===========================
АБДУЛЛА АВЛОНИЙ: КИМ НИМАНИ ЯХШИ КЎРАР (1913 йил)
Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз ёнглиш.
Эшонларимиз тоат ва ибодат, панду насиҳат, зикру тасбеҳ ўрниға тўйлардан тўн киюб, кўб ошаб, кўп ухлашни яхши кўрурлар.
Уламоларимиз дарсу таълим ўрниға, бир-бирлари ила ўрун талашиб, мукаррир ва мударрис бўлишни, ўзлари бўлолмай қолсалар, эшикма-эшик юруб сайловни бузишни яхши кўрурлар.
Имомларимиз, халойиқға ваъз ва насиҳат ўрниға, тўй ва жанозаларда юруб, жома кийишни яхши кўрур
Бойларимиз орқа-ўнглариға қарамасдан, фойда ва зарарларини ойирмасдан бир-бирлариға рақобат қиламан деб, «бонка» ва «кридит»ларини кўпайтуруб, дўффилари тор келганда рус ва яҳудийларнинг молларини букуб-синишини яхши кўрурлар.
Мўйсафидларимиз намоз ва ниёз ўрниға, масжид эшигига йиғилуб ўтуруб, ҳар кимни ғийбат ва шикоят қилишни яхши кўрурлар.
Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юз, юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар.
Савдогарларимиз: «Тўйликни тўйи ўтар, тўйсизни куни ўтар» деган сўзга амал қилмай, қайси маҳаллада тўй бўлса, дастурхончилик қилишни яхши кўрурлар.
Дўкондорларимиз ишларини тартиб-ла солмай, замонаға мувофиқ иш юритмай, Маллахон замонидан қолғон эски дўкон, эски тос, эски тартибларини яхши кўрурлар.
Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар.
Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға «Ўғлум эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!» — деб «ташишка» — ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар.
Заргарларимиз йигирма тийинлик кумуш, ўн тийинлик тилло орасиға мум ва сақичлар жойлаб, исмини қиз ҳайрон, зебигардон қўюб, беш-ўн сўмга сотишни яхши кўрурлар.
Табибларимиз долчин, занжабил, ҳуббул малик, филфил каби бир неча атторни қутисида йўқ нарсалардан мураккаб дору ва маъжунлар ясаб, бечора нодон халқни пулини олишни яхши кўрурлар.
Машшоқ ва ҳофизларимиз тўй ва базмларга бир мардакни(нг) исмини бачча қўюб, ўзлари ила баробар олиб юруб, «миллий адабиёт» ўрниға «Хоним ялола, бегим ялола» деб баччага ташланаётган пулларни бўлуб олишни яхши кўрурлар.
Саводхонларимиз жарида ва журналлар, тарих ва рўмонлар ўрниға Дақёнус замонидан қолғон, хурофотлар ила тўлғон «Андоғ урдиларки, гард-гард бўлуб кетди», деб лофлар ёзилғон китобларни оғизларини қуфуртуруб ўқумоқни яхши кўрурлар.
Ёшларимиз илм ва маърифатли бўлишни, ҳунар, санъат ўргонишни ўрниға, ўзларига зеб беруб тор шим ила калта камзул, қотирма ёқаларга бино қўйишни яхши кўрурлар.
Ишчиларимиз илм ва ҳунардан маҳрумлиги сабабли бошқа миллатлар илму маърифатлари соясида кунига 4-5 сўм ишлаб турган бу замонда кунига уч тангаға мардикорликни, ойиға ўн беш сўмға қоровулликни, йигирма сўмға фанар ёқишни, ўн сўмға кўнка йўлини тозалашни ва шуларга ўхшаш энг паст ва оғир хизматларни яхши кўрурлар.
Болаларимиз оталаримизнинг илм қадрин билмаган, илм учун пулни кўзлари қиймаганлик сабабли ўқумоқ ва ўрганмоқ ўрнига «Оҳ пул, жоним пул», деб «ташишка» — ҳаммолликни яхши кўрурлар.
Муҳаррирларимиз кўб-кўб оқча олиб, оз-оз ёзишни яхши кўрурлар.
Муштарийларимиз фойдали мақолалар ўрниға хабарларни яхши кўрурлар.
Шоирларимиз миллий шеър ва адабиёт ёзишни ўрниға мувашшаҳми ёки «қошингдан, кўзингдан», — деб, жавонларни мақтаб фасод ахлоқға сабаб бўладурғон шеърлар ёзишни яхши кўрурлар. Аммо мен бўлсам, ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман.
Муаллиф: Абдулла Авлоний
@Advokat_Esanov